АКЦИЯДОРЛИК КАПИТАЛИ

АКЦИЯДОРЛИК КАПИТАЛИ — акциядорлар жамиятининг капитали, шерикчилик асосида ташкил топган корпоратив мулк ҳисобланади. Акциядорлик капитали таркиби Низом (Устав) капитали, қўшимча капитал, резерв фондидан ва тақсимланмаган фойдадан иборат. Акциядорлик капитали асосини Низом капитали ташкил этади. Низом капитали жамият ташкил этилган чоғда унинг мол-мулкига акциядорлар қўшган улуш бўлиб, пулга чақиб ҳисобланади. Бу капитал маълум миқдордаги акциялардан иборат бўлиб, унинг таъсисчилари орасида тақсимланади. Акциядорлик капитали Низом капиталидан ташқари қўшимча акция чиқариб, жалб этилган капиталдан ва капиталлашган даромад ҳисобига ўсиб боради. Акциядорлик жамият берадиган дивиденд капиталлашганда Акциядорлик капиталига келиб қўшилади. Акциядорлик капитали пул шаклида чиқарилган акциялар суммасидан, моддий шаклда жамият фаолиятини таъминловчи мол-мулкдан иборат бўлади.