АКЦИЗ

АКЦИЗ (франц. accise — қирқиб олмоқ) — кенг истеъмол товарлари, энг муҳим хом ашёларга, шунингдек хизматлар учун давлат томонидан солинадиган қўшимча солиқ тури. Муайян товар (муҳим истеъмол товарлари: қанд, гугурт, туз, тамаки, спиртли ичимликлар, шунингдек автомобиллар, музлаткичлар, мўйна маҳсулотлари биллур ва ҳ. к.)лар нархига, кўрсатилган хизмат (коммунал, транспорт ва б.) ҳақига қўшимча устама солиқ сифатида қўшилади ва уни тўловчилар бевосита харидорлар ҳисобланади. Акциз нарх таркибида муайян қийматда ёки нарх миқдоридан маълум фоиз ҳисобида кўринишларида бўлади. Акциз давлат бюджетида даромадларнинг муҳим қисмини ташкил этади. Акциз қад. Римда келиб чиқкан. Ҳоз. дунё мамлакатларида кенг ривожланган. Ўзбекистонда 1996 й. 1 окт. дан республиканинг ўзида ишлаб чикарилган ва унинг ҳудудига четдан келтирилган тамаки маҳсулотлари ҳамда спиртли ичимликларни сотишда махсус Акциз маркалари жорий этилган.