АКУСТИК ШОВҚИН

АКУСТИК ШОВҚИН — гармоник бўлмаган товуш тўлқинлари. Турмушда Акустик шовқин нутқ ва мусиқани тўғри эшитишга халақит берувчи турли товушлар шаклида учрайди. Акустик шовқин куйидаги турларга ажралади:

1) қаттиқ жисмлар тебраниши натижасида вужудга келадиган механик шовқин;

2) ҳаракатланаётган газ, буғ ёки суюкликларда уюрма оқимлар қатламининг турли тезлик билан ҳаракатланиши туфайли ҳосил бўладиган а эр о ёки гидродинамик шовқин;

3) газларнинг ёниши натижасида юз берадиган уюрма оқим ва зичлик ўзгаришларидан ҳамда портлаш ёки разряд пайтида қисқа вақтда босимнинг ортиши туфайли вужудга келадиган термик шовқин; 4) суюқликдаги пуфакчаларнинг ёрилиши натижасида ҳосил бўладиган кавита-цион шовқин. Туташ спектрли шов-қин «оқ шовқин» дейилади. Акустик шовқинни назарий ўрганишда эҳтимоллик назариясига асосланган статистик физика қонунларидан фойдаланилади. Акустик шовқинни ўрганишдан асосий мақсад унинг манбаларини аниқлаб, одам организмига ҳамда баъзи бир тизимларга кўрсатадиган салбий таъсирини камайтиришдан иборат. Акустик шовқин хоссалари турли анализаторлар ёрдамида аниқланади. Акустик Шовқиннинг эшитиш аъзоларига таъсири унинг жадаллиги ва такрорийлигига боғлиқ. Узоқ вақт таъсир этувчи Акустик шовқин кишига салбий таъсир кўрсатади, чарчашни кучайтириб, иш қобилиятини пасайтиради. Жадаллиги 80—90 дб ва таркибида паст такрорийликли товушлардан ташқари ультратовуш такрорийликли товушлар бўлган Акустик шовқин таъсирида кишининг асаби бузилиши натижасида ошқозон ва ичак яраси, гипертония ва б. касалликлар келиб чиқиши мумкин. Одатда, саноат корхоналари ва қурилиш муассасаларида Акустик шовқинни камайтириш чоралари кўрилади. Баъзан, Акустик шовқиндан хабарчи (сигнал) сифатида фойдаланилади. Мас, сув ости кемасининг яқинлашувини ундан тарқаладиган Акустик шовқиндан сезиш мумкин.