АКУДИН Вениамин Георгиевич

АКУДИН Вениамин Георгиевич (1936.3.1, Мирзачўл, ҳоз. Гулистон ш.) — театр рассоми, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1974). Республика рассомлик билим юртида (1951— 56), Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тида (1957—62) таълим олган, шу интда ўқитувчилик қилган (1962—72); 1961 й. дан Республика қўғирчоқ театрида рассом. Декорация эскизлари, қўғирчоқлари асар мазмунига мослиги билан диққатга сазовор. Акудин яратган кўпгина қўғирчоқлар (Качал полвон, Ойгул, Бахтиёр ва б.) болаларнинг севимли овунчоқларига айланди. Қўғирчоқ театри жамоаси билан бирга кўпгина мамлакатларда бўлиб, сафар таассуротлари асосида акварель расмлар туркумини яратди («Бирма-72», «Ҳиндистон-77», «Кобул-80», «Болгария-82»; «Чимён», 1995).