АККУМУЛЯТОР

АККУМУЛЯТОР (лот. accumulator — тўпловчи) — кейинчалик фойдаланиш мақсадида энергияни тўплайдиган қурилма. Электр, иссиқдик, гидравлик, инерцион хиллари бор. Электр А. электр токи таъсирида кимёвий энергияни электр энергиясига айлантириб берадиган гальваник тизим. Электр Аккумулятор мусбат электрод, манфий электрод ва электролитдан иборат. Электроднинг электролитга тегиб турувчи сиртида потенциаллар фарқи ҳосил бўлади. Бу фарқ эюк (электр юритувчи куч) дейилади. Йиғилган энергияни сарфлаш вақтида кимёвий энергия электр энергиясига, энергияни тўплаш вақтида эса электр энергияси кимёвий энергияга айланади. Электролит таркибига караб, Аккумуляторлар кислотали ва ишқорли хилларга бўлинади. Кислотали Аккумулятор ларда электролит сифатида сульфат кислота эритмаси, мусбат электрод сифатида қўрғошин оксиди, манфий электрод сифатида қўрғошин ишлатилади. Бундай Аккумулятор лардан автомобиль транспортида, авиацияда, алоқада фойдаланилади. Ишқорли Аккумуляторлар электродининг хилига караб, кадмий-никелли ва темирникелли, кумуш рухли ва кумуш-кадмийли бўлади. Кадмий-никелли Аккумулятор мусбат электроди графит аралаштирилган никель оксидидан, манфий электроди кадмий аралаштирилган темирдан тайёрланади. Электролит сифатида ўювчи калий эритмаси ёки ўювчи натрий эритмасига озгина литий гидрооксид қўшилган аралашма ишлатилади. Аккумулятор зарядланиш ва зарядсизланиш вақтидаги ўртача кучланиш (ҳар бир элементга 1—2 В) ва сиғим (ампер-соат) билан ифодаланади. Кучланишни ошириш учун Аккумуляторлар кетма-кет уланиб, батареялар ҳосил қилинади. Кадмий-никелли ва темир-никелли Аккумулятор авиацияда, алоқа воситаларида, электр транспорт машиналарида, космик аппаратларда; кумуш-рухли ва кумуш-кадмийли Аккумулятор авиация, алоқа воситалари, кинога олиш аппарати ва б. да ишлатилади. Иссиқлик А. тармоқдаги буғ босимини бирдай сақлаб туради. Гидравлик Аккумулятор гидравлик қурилмаларда суюқлик ёки газнинг босим ва сарфини бараварлайди, 100—300 атм босим остида суюқликни йиғиб, гидравлик прессларга ва б. машинақуролларга бир меъёрда бериб туради. Инерцион Аккумулятор маховикдан иборат бўлиб, ундан турли машиналар, транспорт воситалари ва б. да фойдаланилади. Соатлардаги пружиналар, авиация моделларидаги резина мотор ҳам энергия Аккумулятори ҳисобланади.