АККРА

АККРА — Гана Республикаси пойтахти (1957 й. дан), Гвинея қўлтиғи соҳилидаги пасттекисликда. Катта Аккра пойтахт округи сифатида ажратилган. Аккра — мамлакатнинг энг йирик шаҳри. Аҳолиси 1,2 млн киши (1997). Аккра — Гананинг муҳим савдо, саноат ва маданий маркази. Транспорт йўллари тугуни, порт ва халқаро аэропорт мавжуд. Озиқ-овқат, тўқимачилик, металлсозлик корхоналари, электр ускуналари з-ди бор. Кустарь усулда олтин ва кумушдан заргарлик буюмлари ясалади. Ун-т, Фанлар академияси (1961), йирик миллий музей, мусиқа ва драма мактаби, доимий драматик студия, кинофильм ишлаб чиқарувчи корпорация ва б. маданий-маориф муассасалари бор. Аккра — сердарахт кўркам шаҳар. А. ўрнида дастлаб га элатига мансуб қабилалардан бирининг қишлоғи бўлган. Шаҳарга 16-а. да асос солинган. 1876—1957 й. ларда Олтин Қирғоқ мустамлакачи маъмурларининг қароргоҳи. Ўрта асрда қурилган форт (қалъа)лар сақланган.