АКИНЕЗИЯ

АКИНЕЗИЯ (юн. а — инкор қўшимчаси ва kinesis — ҳаракат) — фаол ҳаракатлар бўлмаслиги, ихтиёрий ҳаракатнинг қийинлашуви. Бош мия пўстлоқ ости тўқималарининг яллиғланиши, жароҳатланиши, тушкунлик ҳолатлари, айрим дориларни суиистеъмол қилиш ва б. сабаб бўлади. Акинезияда мускуллар таранглашади, титраш, қалтираш аломатлари пайдо бўлади, юз мускулларининг қотиб қолиши натижасида беморнинг юзидаги имо-ишора (мимика) туйғулари сезилмайди, у юриб кетаётганида қўллари мутаносиб ҳаракат қилмай қотиб қолади, тупук ютиш қийинлашади, оғиздан сўлак оқади ва б.