АКВАРИУМ БАЛИҚЛАРИ

АКВАРИУМ БАЛИҚЛАРИ — аквариумда яшаб ва кўпая оладиган балиқлар. Кўпчилик турлари майдалиги, антика қиёфаси ва ажойиб ранги билан бошқа баликлардан ажралиб туради. Аксарият Аквариум балиқлари табиий шароитда тропик ва субтропик ўлкалардаги чучук сув ҳавзаларида яшайди. Денгиз баликларини аквариумда кўпайтириш қийин. Аквариум балиқларига карпсимонлар (барбуслар, данио, кардинал ва б.), харацинидлар (неонлар, тетралар ва б.), карптишлилар (гамбузия, гуппи, платипецил, афиосемионлар ва б.), окунсимонлар (гурами, ипдорлар, хўрозчалар, скалярийлар, центрархидлар, цихлидлар ва б.), лаққасимонлар (каллихтидлар) оилаларига мансуб бўлган бир неча юзлаб турлар киради. Аквариум балиқлари орасида ай-ниқса гуппи, данио, барбуслар, скалярийлар, лаққачалар, неонлар, наностомуслар ва б. машҳур. Аквариум балиқларини парвариш қилиш ва кузатиш органик оламни идрок этишда катта аҳамиятга эга. Аквариум балиқларини парвариш қилаётган болалар дастлабки меҳнат фаолияти кўникмасига эга бўлишади, уларда жониворларга ғамхўрлик қилиш одати шаклланади. Аквариум балиқлари устида генетика, биокимё ва бионика соҳасида турли тадқиқотлар ҳам олиб борилади. Мас, гуппи ва медаклар устида генетик тадқиқотлар ўтказилган. Узоқ формаларни чатиштириш орқали Аквариум балиқларининг янги зотлари чикарилган. замонавий аквариумларда и. т. мақсадларида ҳар хил балиқлар, жумладан йирик акулалар ҳам боқилади. Бундай аквариумларда балиқларнинг ҳаёти, хулқ-атвори ўрганилади, янги зотлар чиқариш устида селекция ишлари олиб борилади.