АКБАРОВ Асқарали Одамшоевич

АКБАРОВ Асқарали Одамшоевич (1951.2.10, Ўш вилояти Янгийўл тумани Каравон қишлоғи) — наққош, Ўзбекистон Республикаси халқ устаси (2000). Т. Тўхтахўжаевнинг шогирди. Р. Ёқубов, Ж. Ҳакимов, М. Усмоновлар билан бирга ишлаб ҳунар ўрганган. М. Уйғур номидаги Тошкент санъат ин-тини тугатган (1995). 1975 й. дан Қўқон бадиий и. ч. устахонасида наққошлар бригадаси бошлиғи, 1982 й. дан Наманган бадиий устахонаси амалий санъат бригадаси бошлиғи, 1989 й. дан Наманган вилоят ўлкашунослик музейида санъат бўлими бошлиғи, 1998 й. дан Ўзбекистон БА Наманган вилояти Бадиий ижодкорлар уюшмаси раҳбари. Акбаров ижодида анъанавий наққошликни ривожлантирди, бинолар безагида наққошлик билан ганч ва ёғоч ўймакорлигини уйғун ҳолда қўллади, унутилиб кетган кундал услубини тиклади. Курси, хонтахта, гулдон, лаган каби буюмларни нафис рангларда безайди. Миллий ва замонавий бинолар безагида ислимий ва гириҳ мужассамотидан кенг фойдаланади. Наманган («Пахталикўл» санаторийси, Вилоят ўлкашунослик музейи ва б.), Тошкент («Мовий гумбазлар» чойхонаси, Халқлар дўстлиги саройи ва б.) ва б. вилоятларда, хорижда 60 дан ортиқ жамоат биноларини безади.