АКБАР Жалолиддин Муҳаммад

АКБАР Жалолиддин Муҳаммад (1542.14.10, Амаркот —1605, Агра яқинидаги Сикандра қишлоғи) — Ҳиндистондаги бобурийлар салтанати ҳукмдори (1556 й. дан). Бобурнинг набираси, Ҳумоюннинг ўғли, 13 ёшида тахтга ўтирган (1556 й. 15 фев.). Дастлаб вазири туркман Байрамхон оталиқ ёрдамида тахтни бошқарган, сўнгра балоғат ёшига етгач, мамлакатни қаттиққўллик б-н идора эта бошлаган. Салтанатини кенгайтириш учун муттасил курашган. Акбар даврида Бобурийлар салтанати шимда Балхдан тортиб жан. да Годовари дарёсигача (Кашмир ва Афғонистон ҳудудлари б-н), ғарбда Арабистон денгизидан шарқда Бенгалия қўлтиғигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олган. Марказлашган салтанат тузиш мақсадида 1574 й. дан ички ислоҳотлар ўтказишга киришади: қўшин устида назоратни кучайтиради ва уни қайта ташкил этиб, янгидан қуроллантиради, мамлакатни янги маъмурий туманларга бўлади. Никоҳ ришталари орқали Ражпут князликлари билан алоқаларни мустаҳкамлаган. Ражпутлар отлиқ қўшини Акбар қўшинининг асосини ташкил қилган. Йирик ер эгалари — жогирдорларнинг ўзбошимчалигига қарши бир қанча чора-тадбирларни ўтказган, 1574 й. деҳқонлар, саркардаларга ер инъом этиш ўрнига хазинадан уларга маош тўлашни, мамлакатдаги ерлардан солиқ тўплашни ўз хизматчилари зиммасига юклаган. Акбар аҳоли орасида диний жиҳатдан ўзаро бирдамликка эришиш мақсадида ҳиндларни юқори мансабларга тайинлай бошлаган ва янги дин — «дини илоҳий» жорий этган. Бу дин ўзида ислом, ҳиндуизм, парсизм ва жайнизм динларининг қоришмасидан иборат бўлган. Акбар дунёвий ва диний ҳокимиятни ўзида мужассамлаштирган. Бу динга эътиқод қилганлар Акбарнинг марҳаматига сазовор бўлганлар. Кейинчалик Акбар вафотидан сўнг бу янги дин кичик бир мазҳабга айланиб қолган. Акбар деҳқончилик ва савдога катта эътибор берган, Европа мамлакатлари билан ҳам савдо-сотиқ олиб борган. Акбар илм-фан, санъатга ҳам ҳомийлик қилган. Акбарнинг вазири ва дўсти Абулфазл Алломий А. салтанати тарихига оид «Акбарнома» асарини ёзиб қоддирган. Акбар буюк давлат арбоби, қувваи ҳофизаси кучли, жасур, иқтидорли саркарда бўлган.

Ад.: Қодиров П., Ҳумоюн ва Акбар, Т., 1994.