АЙТМАТОВ Чингиз Тўрақулович (1928.12.12, Қирғизистон, Шакар қишлоғи) — қирғиз ёзувчиси, давлат, жамоат арбоби, дипломат. Қирғизистон халқ ёзувчиси (1968). Қирғизистон ФА акад. (1974). Қирғизистон қ. х. ин-тини тамомлаган (1953). 1956 — 58 й. лари Москвадаги ёзувчилар уюшмаси Олий адабиёт курси тингловчиси. Асарларини қирғиз ва рус тилида ёзади. Илк ҳикоялари 1950 й. ларда босилган. «Байдамтол соҳилларида» (1955), «Юзмаюз» (1957) асарлари ўткир сюжет, кучли ички руҳий зиддиятларга бой. «Жамила» (1958), «Сарвқомат дилбарим» (1961), «Бўтакўз», «Биринчи муаллим» (1962), «Момо ер», «Сомон йўли» (1963), «Алвидо, эй Гулсари» (1966) каби қиссаларида муҳаббат мавзуи катта эҳтирос билан тараннум этилган. Айтматовнинг «Тоғ ва чўл қиссалари» туркумига кирган асарлари юксак баҳоланди. Айтматовнинг «Оқкема» (1970) қиссасида инсоний гўзаллик, эзгулик ва ҳаёт зиддиятлари, экология муаммолари теран тадқиқ этилади. «Оқ кема» кинофильми ҳам асар каби шуҳрат қозонди. «Денгиз ёқалаб чопаётган олапар» (1977) қиссасида муҳим маънавий масалалар, шўро давридаги ҳаётнинг машъум манзаралари ўз ифодасини топган.
«Асрга татигулик кун» (1980), «Қиёмат» (1986), «Кассандра тамғаси» (1990) романларида замонамизнинг умуминсоний томонлари, она Сайёрамизнинг тақдири, кучли фалсафий, ахлоқий ва ижтимоий муаммолар кўтарилган. Ўтмишини унутган, ҳиссиз, ҳамма нарсага лоқайд, итоат-у, буйруқни бажаришдан бошқа нарсани билмайдиган, туйғу, нозиқ ҳиссиётлари сўнган манқурт образи тасвири Айтматов ижодининг муҳим қирраларидан бири бўлди.
Айтматовнинг «Чўққида қолган овчининг оҳи зори» (М. Шохонов билан ҳамкорликда) асари маънавиятга бағишланган. Айтматов прозасида руҳият таҳлили анъанавий фольклор, мифология, образлилик билан уйғунлашиб кетади. Унда масал, рамзийликка мойиллик сезиларли даражададир.
Айтматов «Иностранная литература» (Москва) журналига муҳаррир (1980 — 90), 1990 й. дан собиқ СССРнинг, сўнг РФнинг, 1991 й. дан Қирғизистон Республикасининг Люксембург, Бельгиядаги элчиси. Айтматов ташкил этган «Иссиқкўл форуми» халқаро тинчлик ҳаракати, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этишда самарали таъсир ўтказмоқда. Марказий Осиё халқлари маданияти ассамблеяси Президенти (1995). Айтматовнинг асарлари жаҳоннинг 154 тилига таржима қилиниб, 20 млн. дан ортиқ нусхада чоп этилган (1999). «Сарвқомат дилбарим» («Довон»), «Бўтакўз» («Жазирама»), «Биринчи муаллим», «Жамила», «Алвидо, эй Гулсари» ва б. экранлаштирилган, ўзбек ва чет эл театрларида саҳналаштирилган. «Момо ер» асарига И. Акбаров мусиқа ёзган. Айтматовнинг қарийб ҳамма асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Айтматов ўзбек адабиёти, умуман, ўзбек маданияти тарихини юксак баҳолаб, «Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини кўҳна Византиянинг Қадим Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин», деб ҳисоблайди. Айтматов Ўзбекистон Республикасининг «Дўстлик» (1995), «Буюк хизматлари учун» (1998) орденлари билан мукофотланган. Қирғизистон Республикасида Халқаро Чингиз Айтматов номидаги «Олтин медаль» мукофоти таъсис этилган (1999).
Ас: Танланган асарлар [икки жилдли], Т.. 1978; Айтматов Ч.: Статьи, выступления, диалоги, интервью, М., 1988; Асрга татигулик кун; Қиёмат, романлар, Т., 1998.
Ад.: Мирза-Ахмедова П. М., Национальная эпическая традиция в творчестве Чингиза Айтматова, Т., 1980; Гачев Г., Чингиз Айтматов и мировая литература, Фрунзе, 1982; Ахматалиев Айтматов А, Чингиз Айтматов и взаимосвязи литератур, Бишкек, 1991.