АБАДИЙ ҚОРЛАР

АБАДИЙ ҚОРЛАР — йил бўйи эримай ётадиган муз ва қор қоплами. Иссиқ ва мўътадил ўлкаларда баланд тоғ ва ясси тоғ чўққиларида, қутбий ўлкаларда — текисликларда ҳам учрайди. Йил давомида ёғадиган қаттиқ атмосфера ёғинининг ўша жойнинг рельеф ва икдим шароитида эриб ёки буғланиб кетадиган миқдоридан ортиши ҳисобига юзага келади. Абадий қорларнинг фақат энг юқоридаги юза қатламигина қордан иборат, чуқурлашган сари, устки қатламлар босими туфайли фирн (қотган қор) ва музга айланади. Абадий қорларнинг энг қуйи чегараси қор чегараси деб аталади. Абадий қорларнинг юзаси кўп ҳолларда шу жой рельефини силликланган тарзда акс эттиради; шу билан бирга Абадий қорларнинг ўзига тааллукли микрорельеф шакллари ҳам (сераклар, эриш эгатлари, уяли қор) мавжуд. Текис юзаларда шамол қорлардан турли қор уюмларини шакллантиради.