ҚЎЛЛАШ БЎЙИЧА ЙЎРИҚНОМА
ЭЛОКОМ
ELOCOM
Препаратнинг савдо номи: Элоком
Таъсир этувчи модда (ХПН): мометазон (mometasone)
Дори шакли: крем
Таркиби:
1 г крем қуйидагиларни сақлайди:
фаол модда: 1 мг мометазон фуроати;
ёрдамчи моддалар: гексиленгликоль, тозаланган сув, фосфат кислотаси, гидрогенланган фосфатидилхолин, титан диоксиди, октенилсукцинат крахмалнинг алюминли тузи, оқ мум, оқ вазелин.
Таърифи: оқ ёки деярли оқ рангли, ёт қўшимчаларсиз, юмшоқ консистенцияли бир хил крем.
Фармакотерапевтик гуруҳи: дерматологияда маҳаллий қўллаш учун кортикостероидлар.
АТХ коди: D07AC13
Фармакологик хусусиятлари
Мометазон фуроати – яллиғланишга қарши, қичишишга қарши, қон томирларини торайтирувчи таъсирга эга синтетик кортикостероид.
Фармакокинетикаси
Маҳаллий қўлланадиган кортикостероидларнинг тери орқали ўтиш даражаси кўпчилик омилларга, шу жумладан дори воситасининг таркибига ва эпидермал тўсиқнинг бутунлигига боғлиқ. Терида кечаётган яллиғланиш ва бошқа жараёнлар дори воситасини тери орқали ўтишини кучайишига олиб келиши мумкин.
Мометазон фуроатининг 0,1% ли кремини тери орқали сўрилиши одамларда радиоактив нишонланган 3Н-мометазон фуроатининг 0,1% кремини шикастланмаган терига бир марта суртиш йўли билан текширилган, терида у 8 соат давомида қолган. Аҳлат ва сийдик билан чиқарилган изотопнинг миқдори баҳоланган 5 кунлик тадқиқотларнинг маълумотларига кўра суртилган дозанинг тахминан 0,4% тизимли сўрилишга дучор бўлган. Тадқиқот давомида плазмада ва эритроцитларда радиоактив модданинг миқдори дастлабки даражасига қараганда бироз юқорироқлигича қолган, бу ≤0,1 нг/мл га тўғри келган.
Қўлланилиши
Кортикостероидлар билан даволаш мумкин бўлган тери касалликларида, шу жумладан псориаз ва атопик дерматитда яллиғланиш ва қичишиш симптомларини маҳаллий даволаш учун қўлланилади.
Қўллаш усули ва дозалари
Элоком терининг шикастланган соҳаларига юпқа қилиб кунига 1 марта суртилади. Даволаш давомийлиги касалликнинг оғирлиги, кечиши билан аниқланади ва шахсий равишда белгиланади.
Маҳаллий қўлланадиган кортикостероидларни болалар ва катталарда ишлатилиши 5 кундан ошмаслиги керак. Препаратни узлуксиз қўлланиши 2-3 ҳафтадан ошмаслиги лозим.
Ножўя таъсирлари
Элоком дори воситаси қўлланилганидан кейин қуйидаги маҳаллий қўшимча реакция: парестезия, қичишиш, тери атрофияси белгилари, қизариш, фолликулит, ҳуснбузар тошмалари, папула тошмалари, пустулалар ва телеангиэктазиялар (частотаси – жуда камдан-кам) тўғрисида хабар берилган.
Бошқа кучли таъсир қилувчи глюкокортикоидлар қўлланганда қуйидаги маҳаллий ножўя реакция қайд этилган бўлиб, улар Элоком дори воситаси ишлатилганда ҳам юз бериши мумкин: терини таъсирланиши, гипертрихоз, гипопигментация, периорал дерматит, аллергик контакт дерматит, терини мацерацияси, иккиламчи инфекция, стриялар ва терлаш (частотаси – жуда камдан-кам).
Крем терининг катта юзаларига узоқ вақт давомида суртилган ҳолларда, айниқса окклюзион боғловлардан фойдаланилганда тизимли ножўя таъсирлар юз бериши мумкин («Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).
Тизимли таъсирга эга бўлган глюкокортикоидлар буюрилганда рўйхатга олинган барча нохуш ҳодисалар, жумладан гипоталамо-гипофиз тизими фаолиятини пасайиши кучли таъсир қилувчи глюкокортикоидларни айниқса гўдаклар ва болаларда буюрилганда ривожланиши мумкин («Педиатрияда қўлланилиши» бўлимига қаранг).
Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар
Элоком препаратининг қандайдир бир компонентларига юқори сезувчанлиги бўлган пациентларда қўллаш мумкин эмас. Бошқа глюкокортикоидлар каби, Элоком вульгар ҳуснбузарлар, розацеа, периорал дерматит, перианал ва генитал қичишиш, терининг бактериал вирусли (герпес, сувчечаги, ўраб олувчи темиратки) ёки замбуруғли этиологияли инфекциялари бўлган пациентларда, туберкулез, сифилис, поствакцина реакциялари бўлган пациентларда қўллаш мумкин эмас.
Дориларнинг ўзаро таъсири
Ўзаро таъсири аниқланмаган.
Махсус кўрсатмалар
Элоком фақат дерматологияда қўллаш учун мўлжалланган ва офтальмологияда қўллаш учун мўлжалланмаган.
Агар дори воситаси қўлланганида таъсирланиш ёки юқори сезувчанлик аниқланса, даволашни тўхтатиш ва тегишли даволашни буюриш керак.
Инфекция ривожланганида мувофиқ замбуруғларга қарши ёки микробларга қарши воситани қўллаш керак. Агар қисқа вақт давомида ижобий самарага эришишнинг иложи бўлмаса, инфекция белгилари бартараф қилингунча препаратни қўллашни тўхтатиш керак.
Глюкокортикостероидларнинг бирон-бир ножўя самаралари, шу жумладан буйрак усти бези фаолиятини сусайиши, глюкокортикостероидлар маҳаллий қўлланганида, айниқса кичик ёшли болаларда аниқланиши мумкин.
Препаратни тананинг катта юзаларида ёки юқори дозаларда қўлланганда буйрак усти бези фаолиятини вақти-вақти билан назоратини ўтказиб туриш тавсия қилинади. Псориаз билан оғриган беморларга эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим, чунки псориазда глюкокортикостероидларни маҳаллий қўлланилиши толерантлик ривожланиши, пустулезли псориазни ёйилиш хавфи ва терининг тўсиқ фаолиятини бузилиши оқибатида маҳаллий ёки тизимли заҳарлилигини ривожланиши натижасидаги қайталаниши туфайли касаллик хавфли бўлиши мумкин.
Глюкокортикостероидларни тизимли сўрилиши, улар маҳаллий қўлланганида, агар даволаш тананинг катта юзаларида ўтказилса ёки окклюзион боғловлар ишлатилганида юқорироқ бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, шунингдек дори воситаси узоқ муддат қўлланганда, айниқса болаларда эҳтиёткорлик чораларни кўрилиши лозим.
Глюкокортикоидлар асосидаги барча кучли таъсир этувчи дори воситалари билан бўлгани каби, Элоком препаратини узоқ вақт давомида, терининг катта соҳаларига ҳамда юзга (кўпи билан 5 кун) ва тери бурмаларига (тери ости ва чов соҳасига) окклюзион боғловалар остида қўлламаслик лозим .
Препаратни кўзга (жумладан қовоқ соҳасига), яраларга ва шиллиқ пардасига тушишига йўл қўймаслик керак.
Глюкокортикоидлар айрим тери касалликларини ташқи кўринишни ўзгартириши мумкин, бу эса ташхис қўйишни қийинлаштиради.
Педиатрияда қўлланиши. Болаларда маҳаллий глюкокортикостероидларнинг таъсири остида гипоталамо-гипофизар-буйрак усти бези тизимининг фаолиятини сусайиш белгилари ва Кушинг синдроми катталарга қараганда кўпроқ намоён бўлади, бу тери юзасининг майдонини тана вазнига нисбати каттароқлиги туфайли, дори воситасини кўпроқ сўрилиши билан боғлиқ. Шу боисдан маҳаллий глюкокортикостероидларни болаларда қўллаш препаратнинг минимал самарали миқдори билан чекланган бўлиши лозим. Кортикостероидлар билан сурункали даволаш болаларни ўсиши ва ривожланишини бузилишига олиб келиши мумкин.
Элокомни тагликлар ёки хўлланмайдиган трусиклар остидаги тери соҳаларига суртиш мумкин эмас, чунки бундай ҳолда дори воситаси окклюзион боғлов остига тушади.
Препаратни 2 ёшдан кичик болаларни даволаш учун қўллаш бўйича чекланган маълумотлар мавжуд.
Элокомни 2 ёшдан катта болаларда қўллаш 5 кундан ошмаслиги керак.
Ҳомиладорлик ва лактация. Маҳаллий глюкокортикостероидларни ҳомиладорларда қўллаш хавфсизлиги исботланмаган, шунинг учун бу гуруҳ препаратлар ҳомиладорлик даврида буюриш, фақат аёл учун потенциал фойда ҳомила учун потенциал хавфдан устун бўлган ҳоллардагина маъқул ҳисобланади. Ҳомиладорлик даврида бу гуруҳ препаратларини катта дозаларда ёки узоқ муддат қўллаш мумкин эмас. Ҳомиладорларга Элоком буюрилганда глюкокортикоидларни йўлдош орқали ўтиши ва ҳомилага таъсир қилиши мумкин.
Кортикостероидлар маҳаллий қўлланганида тизимли сўрилиши оқибатида уларни она сутида пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги аниқланмаган. Эмизишни тўхтатиш ёки препаратни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни дори воситасини онада қўллаш заруратини ҳисобга олган ҳолда қабул қилиш керак.
Транспорт воситаси ва бошқа механизмларни бошқариш қобилиятига таъсири. Элоком автомобилни бошқариш ва ҳаракатланувчи механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсир кўрсатмайди.
Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.
Дозани ошириб юборилиши
Симптомлари: маҳаллий глюкокортикостероидларни ҳаддан зиёд ва узоқ вақт қўллаш гипоталамо-гипофизар-буйрак усти безлари тизимининг фаолиятини сусайишини чақириши мумкин, бу иккиламчи буйрак усти безларининг етишмовчилигини ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.
Даволаш. Мувофиқ симптоматик даволашни ўтказиш керак. Гиперкортицизмнинг ўткир симптомлари одатда қайтувчан бўлади. Зарурат туғилганда электролит дисбалансини тўғрилаш керак. Узоқ вақт қўлланган ҳолларда кортикостероидларни аста-секин бекор қилиш тавсия қилинади.
Чиқарилиш шакли
Тубалар 15 г дан, № 1 картон қутида.
Сақлаш шароити
25оС дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Яроқлилик муддати
2 йил.
Дорихоналардан бериш тартиби
Рецепт бўйича.