ПРОТОНЕФРИДИЙЛАР

ПРОТОНЕФРИДИЙЛАР (прото… ва нефридийлар) — ясси ва тўгарак чувалчанглар, немертинлар, айрим ҳалқали чувалчанглар, ланцетниклар, форонидлар ва баъзи моллюскалар личинкаси учун хос бўлган айириш органлари. Протонефридийлар 1 та ёки бир неча шохланган найчалар ва улар ичида жойлашган бир тутам киприкларга ёки 1 та (ёки бир нечта) хивчинга эга бўлган ҳужайрадан иборат. Моддалар алмашинуви маҳсулотлари фильтрланиб учки ҳужайралар бўшлиғига ўтади ва киприклар ёки хивчинлар ёрдамида найларга ҳайдалади. Киприклар ва хивчинларнинг бир меъёрда ишлаши туфайли суюклик Протонефридийларнинг найчалари орқали оқиб ўтиб туради. Найчаларда ҳосил бўлган сийдик асосий найга тушади ва у ердан махсус тешиклар орқали ташқи муҳитга чиқарилади. Сўрғичлилар, оғиз айлангичлилар ва айрим б. ҳайвонларда Протонефридийлар сийдик тўпланадиган махсус орган — қовуққа очилади; сийдик у ердан қовуқ девори қисқариши туфайли ташқи муҳитга, тиканбошлилар ва приапулидларда эса жинсий найларга чиқарилади.