ПРИМИТИВИЗМ

ПРИМИТИВИЗМ — 19-а. охири – 20-а. бошларида юзага келган авангард санъат оқими; бадиий воситаларни соддалаштириш ва примитив шакллар (ибтидоий давр, маданий жиҳатдан ривожланмаган халклар санъати, халқ ижо-ди ҳамда болалар расми)га мурожаат этувчи йўналиш. Рассомларнинг замонавий воқеликдан норозилиги натижа-сида ҳаётдан қочиб санъатнинг илк даврларига қайтиши Примитивизмнинг кенг тарқалишини таъминлади. Примитивизм ҳамма халклар санъатида мавжуд. Примитивизм шунингдек, санъатга дахлдор бўлган, бирок, профессионал таълим олмаган, халқ ичидан чиққан ҳаваскор рассомларнинг услубини ҳам ифодалайди. Примитивизм янги дунё маданиятидан ҳоли бўлган, ундан «соф» санъат сифатида тарғиб қилинди. АҚШда содда портрет ва маиший расмлар, Россияда лубок шу йўналишдаги асарлардир. Анри Руссо (Франция), Н. Пиросманашвили (Грузия), И. Генералич (Хорватия) ва б. нинг асарлари борлиқни эркин, болаларча содда идрок этиши билан диққатга сазовор. Примитивизм профессионал ижодкорлар (П. Гоген, Н. С. Гончарова, М. Ф. Ларионов ва б.) услубига ҳам таъсир кўрсатган.

Ўзбекистонда Примитивизм 19-а. 2ярмида маҳаллий халқ санъати вакиллари (Ахмад Дониш, Уста Шокирбой, С. Почаев, Н. Ҳафизов ва б.) ижодида аник, сезилади. 20-а. 70—80-й. ларидан бу санъатга қизиқиш ортди.