ПРАГА — Чехиянинг пойтахти. Мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, илмий вамаданий маркази. Влтава дарёсининг ҳар икки соҳилида. Иқлими мўътадил, континентал; янв. нинг ўртача т-раси 0°, июлники 19,2°. Йиллик ёғин 500 мм. Аҳолиси 1,2 млн. киши (2000). Алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилган. Шаҳар тарихий манбаларда 928 й. дан тилга олинган. 10-а. дан Чехия давлатининг пойтахти. П. Европадаги йириксавдо шаҳарларидан бўлган. Ўттиз йиллик уруш (1618—48)дан кейин Праганинг мавқеи пасайган. 19-а. ўрталаридан йирик саноат шахрига айланди. 1918 й. дан Чехословакия Республикаси пойтахти. 1939 й. да Прагани немис фашистлари босиб олган. 1945 й. 9 майда улардан озод қилинди. 1993 й. гача Чехословакия пойтахти.
Прага — халқаро аҳамиятга эга транспорт йўллари тугуни. Аэропорти халқаро аҳамиятга эга. Прага мамлакатда ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг 1/10 қисмини беради. Машинасозликнинг турли соҳалари: автомобилсозлик, самолетсозлик, моторсозлик, станоксозлик, электротехника, радиоэлектроника саноатлари ривожланган. Киме, тўқимачилик, тикувчилик, полиграфия, озиқ-овқат саноати корхоналари ишлаб турибди. Метрополитен қурилган. ФА, Мусиқа санъати ва Тасвирий санъат академиялари, ун-тлар, шу жумладан, Карл ун-ти (1348), миллий музей, миллий галерея, шаҳар му-зейи, 25 дан ортиқ театр ва б. бор.
Прагада 10—18-а. ларга оид меъморий ва тарихий обидалар сақланган. Вишеград қалъаси, готика собори (11 —16-а. лар), Қирол саройи (12—18-а. лар), Бельведер саройи (16-а.) ва кад. майдонлар бор. Янги турар жой бинолари, замо-навий меҳмонхоналар ва б. жамоат бинолари қурилган.