ПОВИДЛО

ПОВИДЛО (полякча, povidla) — мевалар, резавор ва шакардан тайёрланадиган ширинлик. Олма, нок, олхўри, ўрик ва б. мевалар ёки уларнинг аралашмаси пюреси (бўтқаси)га шакар (одатда 1 дан 1,8 қисмгача пюрега 1 қисм шакар) қўшиб қайнатиб тайёрланади. Табиий кислотаси паст бўлган пюрега лимон ёки б. озиқ-овқат кислотаси қўшилади. Тайёрланган мевалар озгина сув солинган идишга солиниб, қопқоғи берк ҳолда 10—20 мин. қайнатилади. Мевалар пишиб юмшагач, шакар қўшилади ва очиқ идишда қуюлгунга қадар (тахм. 1—1,5 соат) кавлаб туриб пиширилади. Тайёр Повидло таркибида 34% дан ортиқ намлик, камида 60% шакар; 100 г П. да 250—260 ккал бўлади. Тайёр Повидло қуруқ шиша идишларга солиниб, усти темир қопқоқ, целлофан ёки пергамент қоғоз билан ёпилади. Повидлони салкин ва қуруқжойда 8—9 ой сақлаш мумкин.