ПОМИР ХАЛҚЛАРИ

ПОМИР ХАЛҚЛАРИ, Помир тожиклари (ўзларини помири деб аташади) — Тожикистон Республикаси таркибидаги Ғарбий Помирнинг баланд тоғ водийсидаги Тоғли Бадахшон вилоятида яшайдиган кичик халқлар [ёзғуломлар (ўз номи — згамик), рўшонлар (ўз номи — рихен, рухни) маҳаллий гуруҳ хуфлар (ўз номи — ху-фиж) билан бирга, бартанглар (ўз номи — бартанж) маҳаллий гуруҳ арошорлар билан бирга, шуғнонлар (ўз номи — хугни, хунуни) маҳаллий аҳоли бажўйлар билан бирга, ишкашимлар (ўз номи — ишкашуми, ишкашими) воҳонлар (ўз номи — ҳик, вахи) ва ванжлар] гуруҳи. Шунингдек, Помир халқлари Афғонистон Ба-дахшони (рўшонлар, шуғнонлар, ишкашимлар, воҳонлар, зебаклар, мунжонлар)да, Покистоннинг Читрол мавзеси (мунжонлар, йидгалар)да ва Хунза дарёси водийси (воҳонлар)да, Хитойнинг Синьцзян — Уйғур вилоятида (шуғнонлар ва воҳонларга қариндош сарикўллар) яшайдилар. Помир халқлари катта европеоид ирқига мансуб бўлиб, ҳиндевропа тиллар оиласининг шарқий Эрон тили кичик гуруҳига кирувчи тил ва лаҳжаларда сўзлашадилар. Диндорлари, асосан, ислом динининг шиа, қисман эса сунна мазҳабларига эъти-қод қиладилар. Помир халқлари яшаган ҳудудларда қад. замонларда Рўшон, Шуғнон, Во-ҳон давлатлари мавжуд бўлган. Асрлар мобайнида бу ҳудудлар чет эл босқинчилари тасарруфига ҳам кирган. 7-а. нинг охирида Помир ерлари икки асрдан кўпроқ тибетликлар қўл остида бўлган. 10-а. дан бошлаб Помир давла-ти мустақилликка эришган, кейинчалик эса алоҳида подшохликларга бўли-ниб кетган. Қарийб 30 й. мобайнида Афғонистон Бадахшонига бўйсунган. 1878 й. да Бухоро хонлиги, сўнгра эса чор Россияси тобелигига ўтган.

1925 й. 2 янв. да Тожикистон мухтор Республикаси таркибида Тоғли Бадахшон мухтор вилояти ташкил этилган. 20-а. нинг 30—90-й. лари ва 21-а. нинг бошлари давомида жамиятда содир бўлган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар натижасида Помир халқлари этномаданий жиҳатдан аста-секинлик билан тожикларга ўзаро яқинлашиб ва тобо-ра сингишиб бормоқда. Помир халқларининг асосий анъанавий машғулоти чорвачилик, ҳунармандчилик ва қисман деҳқончиликдан иборат.