ПЎКАК

ПЎКАК, феллема — 1) ўсимликларнинг иккиламчи қопловчи ўлик тўқимаси; суберин (пўкак модда) б-н тўйинган, зич жойлашган пўстли ҳужайралар мажмуи. Пўкаксимон камбий (феллоген) ҳужайраларининг тангентал бўлинишидан ҳосил бўлади. Пўкак дарахтсимон ўсимликлар ва аксари кўп йиллик ўтларнинг турли органларида вужудга келади: айниқса, пўкакли эманнинг поя ва шохларида қалин бўлади. Пўкак сувни ортиқча буғланишдан, ўсимликни бактерия, замбуруғ ва ҳашаротлар таъсиридан саклайди. Эман пўкаги шиша идишларга тиқин, пойабзал тайёрлаш ва б. соҳаларда ишлатилади;

2) гименомицетлар туркумининг пўкаклар оиласига мансуб зам-буруғлар гуруҳи (яна қ. Ёғоч замбуруғлари).