ПЛАНЁР

ПЛАНЁР (франц. planeur, planer — парвоз қилмоқ) — моторсиз, қанотли ҳаводан оғир учиш аппарати. Учиши тинч атмосфера шароитида уфққа нисбатан маълум бурчак ости (мўлжал бурчаги) да узлуксиз пасайиб бориши на-тижасида юз беради; самолётнинг учишидаги каби физик қонунларга асосланади, хатто юқорига кўтарилиши мумкин. Планёр резинали амортизатор, чигир, шатакка олувчи самолёт ёрдамида учирилади. Планёрлар бир, икки ва кўп ўринли; ўқув, машқ ва рекорд ўрнатиш (спорт) да фойдаланиладиган турларга бўлинади. Биринчи Планёр 1868 й. француз денгизчиси Ж. Ле Бри томо-нидан ясалган ва синаб кўрилган. Уни от арава билан шатакка олиб, 30 м гача учиришга эришган. Немис муҳандиси О. Лилиенталь 1891 й. учирган Планёр биринчи марта 250 м масофагача муво-занат сақлаган. Кейинчалик П. Пилчер (Буюк Британия), О. Шанют (АҚШ) ва б. ҳам бундай муваффақиятларга эришганлар. 1913 й. рус конструктори С. П. Добровольский Россияда биринчи бўлиб П.-биплан ихтиро қилган. Бу П.биплан руль бошқариш тизими ёрдамида 5 мин. давомида уча олган. 20-а. 20-, 30-, й. ларида анча такомиллашган Планёрлар яратилган.

Планёр ларнинг асосий учиш-техник кўрсаткичлари: энг юқори аэродинамик сифати 40—53; қанотларининг ёйгандаги уз. 29 м гача, қанотларини узайтириши 20—36; қанотларига тушадиган куч 250—350 Н/м2, пасайиш тезлиги 0,4— 0,8 м/с; учиш тезлиги (энг юқори аэродинамик сифатида) 80 — 100 км/соат; максимал учиш тезлиги 220—250 км/соат. Ҳозир Планёр асосан, спорт мақсадларида қўлланилади.