ПЛАНЕТАР ТУМАНЛИКЛАР

ПЛАНЕТАР ТУМАНЛИКЛАР — марказида юқори т-рали юлдуз жойлашган, ундан маълум масофада радикал кенгаювчи, газсимон қобиғи бор объектлар. Кўринишлари дискка эга бўлган гигант сайёраларни эслатиши сабабли Планетар туманликлар дейилади. Планетар туманликлар галактика-миздагина эмас, балки қўшни галак-тикаларда ҳам яхши кузатилади. Планетар туманликларнинг газсимон қобиклари массаси тахм. 0,1 Қуёш массасига тенг бўлиб, улар фазога 20—40 км/сек тезлик б-н кенгайиб боради. Планетар туманликлар умри 20 минг йилга яқин, бу даврдан сўнг қобиқ кузатувчига кўринмай фазога тарқаб кетади. Қари Планетар туманликлар спектри оқ митти юлдузлар спектрига ўхшайди. Марказий юлдузнинг т-раси 50—100 минг градус атрофида. Планетар туманликлар нурланишида ультрабинафша нурлар сезиларли даражада мавжудлиги билан ажралиб туради. Галактикамизда 1500 га яқин Планетар туманликлар кузатилади. Планетар туманликлар Галактикамиз экватори ва ядросига нисбатан концентрацияга эга.