ПЕРКО

ПЕРКО — карамдошлар оиласига мансуб бир йиллик ем-хашак ўсимлиги. ГФР да хитой карами билан кузги сурепицанинг дурагайидан чикарилган. Ўзбекистонга 1977 й. да келтирилган. Илдизи ўқ илдиз, пояси тик, уз. 90 — 120 см гача. Пастки барглари йирик ва бўлакбўлак, юқорига қараб кич-райиб боради. Гуллари поянинг ёки новданинг юқори қисмида шингил тарзда жойлашган, сариқ меваси қўзоқча, уруғлари думалоқ, кўкимтир ва малларанг тусда.

Перкони баҳорги ва кузги экин сифатида экиш мумкин. Экиш меъёри 10—12 кг/га, чуқ. 1,5 — 2 см. 1 — 3° да униб чиқади, эрта баҳорда ҳарорат 15° дан юқори бўлганда тез ўсади. Уни такрорий экин сифатида ёзнинг 2ярмида экиб, кузда ўриб олинса, яхши қишлайди ва келгуси йилнинг апр. ойида яна оқсилга бой кўкпоя беради. Кўкпоя учун ғунчалаш ва гуллаш фазаларида ўриб олинади. Кўкпоясида 15 — 20% протеин, 100 кг поясида 11 озуқа бирлиги бор. Ундан соф ҳолда ва макка-жўхори билан биргаликда тўйимли силос бостириш мумкин. Перко чорва молларига янги ўрилган ҳамда пичан ҳолида берилади. Гектаридан 500— 700 ц кўкпоя, 10—15 ц уруғ олинади.