ПАЙВАНДЛАШ

ПАЙВАНДЛАШ (техникада) — қаттиқ материаллар (металл, керамика, шиша, ва б.)ни ажралмас қилиб бириктириш усули. Пайвандлашнинг 60 дан opтиқ усули бор.

Металларни Пайвандлаш қадимдан маълум. 1882 й. гача босим остида Пайвандлашнинг темирчилик усулидан фойдаланилган. Рус ихтирочиси Н. Н. Бенардос биринчи марта металларни кўмир электроддан фойдаланиб Пайвандлаш (электр ёй) усулини топган, рус муҳандиси Н. Г. Славянов буни такомиллаштириб, кўмир электрод ўрнига металл электрод ишлатган. Ацетилен топилганидан кейин француз металлурги Э. Фуше газ пайвандни, америкалик олим Ж. Томсон қаршиликли учма-уч Пайвандлаш (1837), кейинчалик Н. Н. Бенардос нуқтавий контакт П. усулини ихтиро қилди, акад. Е. О. Патон (1940) раҳбарлигида электр шлакли Пайвандлаш усули ишлаб чиқилди.

Пайвандлашнинг босим остида ва эритиб Пайвандлаш усуллари бор. Босим остида Пайвандлашда металл пластик ҳолатга келтириб бириктирилади; бириктириладиган жойга ташки куч таъсир эттирилади. Бундай Пайвандлаш механик, кимёвий-механик ва электр-механик усулларга бўлинади. Контакт пайванд, нуқтавий Пайвандлаш усуллари ҳам бор.

Эритиб Пайвандлашда бирор иссиқлик манбаи таъсирида буюмнинг пайвандланадиган жойлари ва пайванд чивиқ (агар у ишлатилса) суюқланиш ҳолатига келтирилади. Бу усулнинг кимёвий, электркимёвии ва электр ёй усуллари бор. Кимёвий усул газ ва термит хилларга бўлинади. Пайвандлаш вақтида содир бўладиган оксидланиш реакцияси чок металларнинг таркибий элементларини куйдиради, натижада металлнинг кимёвий таркиби ўзгаради ва пайванд бирикманинг механик хоссалари пасаяди. Шунинг учун Пайвандлаш техникасида эритиб ёпиштириладиган металлдаги фойдали аралашмаларни куйишдан, унга азот ва кислород киришидан сақлайдиган пайванд бирикмалардан фойдаланилади. Мас, газ пайвандда буюмларнинг пайвандланиш хусусиятини яхшилайдиган ва уларни атрофдаги муҳит таъсиридан саклайдиган флюс ёки махсус қопламалардан фойдаланилади ва газ ҳимоя усуллари қўлланилади. Термит усулда деталларнинг бириктириладиган сиртини суюқлантириб, термит металл б-н яхлит қуйма чок ҳосил қилинади.

Электркимёвий усулда Пайвандлаш зонаси (буюм билан электрод орасида ёнадиган ей) водород б-н, баъзан, водород ва углерод оксиди аралашмаси билан ёки азот ва водород аралашмаси билан ўралади, натижада эритиб ёпиштириладиган металл атрофдаги муҳитнинг кимёвий таъсиридан сақланади. Пайвандлаш зонасини аргон, гелий ёки карбонат ангидрид гази билан ҳимоя қилиш усули кенг қўлланилади. Электр ей билан Пайвандлашда буюмларнинг пайвандланадиган жойлари электр ёйи билан эритиб бириктирилади. Бу усул эрувчан электродли ва эримайдиган электродли хилларга бўлинади. Бундай Пайвандлаш қўлда ва автоматик тарзда бажарилади. Юқори частотали ток ва электрон нур ёрдамида Пайвандлаш усуллари ҳам бор. Сув остида Пайвандлаш (мас, кемаларнинг тагини тузатиш), космосда Пайвандлаш (мас, космик стяларни космосда монтаж қилиш) усуллари ривожланган, юқори вакуум ва вазнсизлик шароитида турли металларни Пайвандлаш усуллари ҳам кенг қўлланилмоқда. Лазер нурлари ёрдамида Пайвандлаш усуллари такомиллаштирилмоқда.