ПАЙРОВ

ПАЙРОВ — аския санъатининг энг оммавий шакли, ижро услуби. Унда икки гуруҳ ижрочи келишилган муайян мавзу бўйича сўз тўқиб, ўзаро тортишади; мавзунинг маънолари охиригача ечилиши ва ижрочилар мавзу доирасидан ташқарига чиқмаслиги талаб этилади, бир-бирига жавоб қайтарганларида фикр ривожи сезилиб туриши лозим. Шиддат б-н, мазмунли қочиримли жавоб берган томон ютади, сусткашлик қилган, мавзудан ташқарига чиққан ёки пала-партиш, қўпол жавоб қилган томон ютқазади. Аския ишқибозларининг қизғин қаҳқаҳаси билан ғолиб келган томон олқишланади. Пайров мавзулари сонсаноқсиз: инсон қаёти, хулқ-атвори, узаро муносабатлар, табиат ва жамият ҳодисалари, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси, меҳнат турлари, касб-ҳунар, қишлоқ хўжалиги ва саноат кўринишлари, таълим, тиббиёт, илм-фан, санъат ва адабиёт, бола тарбияси ва б. П. аскиячидан ҳам билим, ҳам бадиҳагўйлик, ҳам моқир ижрочилик талаб қилади. Пайров , асосан, оғзаки ижод маҳсули. Тажрибали аскиячилар муайян мавзуларни олдиндан машқ қилиб, пишитиб юрадилар.

Пайров, асосан, Фарғона водийси ва Тошкентда 18-а. дан тарқалган ва кунданкунга ривож топиб, оммалашиб бормоқда. Деҳқон юзбоши, Ғойиб ота Тошматов, Жўрахон Султанов, Ғанижон Тошматов, Ғуломжон Рўзибоев, Абдулҳай Қозоқов каби Пайров ва аския усталари танилган. Уларнинг Пайров даги тажрибаси, анъаналарини ака-ука Зайнобиддин ва Мадамин Юсуповлар, Жўрахон Пўлатов, Мамасиддиқ Шираев, Ҳасанбой Султонов, Йўлдошхон Носиров, Неъматжон Тошматов, Мансуржон Охунов, Муҳиддин қизик Дарвешов ва б. давом эттириб келдилар. Пайров катта концерт дастурларидан, Ўзбекистон мустақиллиги ва Наврўз байрамига бағишланган майдон томошаларидан ўрин олиб, энг яхши намуналари радио ва телевидение орқали тарғиб этилмоқда.

Ад.: Муҳаммадиев Р., Аския, Т., 1962; Қодиров М., Томоша санъати ўтмишидан лавҳалар, Т., 1993.

Муҳсин Қодиров.