ПАРИЖ МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ

ПАРИЖ МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ — жаҳондаги энг қад. ва йирик кутубхоналардан бири; Париж ш. да жойлашган. 1480 й. да Қироллик кутубхонаси сифатида асос солинган; 1795 й. да Конвент томонидан миллий кутубхона деб эълон қилинган. Париж миллий кутубхонасида 12 бўлим ва 5 миллий марказ (библиография, китоб айирбошлаш ва б.) фаолият кўрсатади. Фондида кўп қисми ноёб ва нодир нашрлар бўлган 300 мингдан зиёд қўлёзмалар сақланади, 6 млн. гравюра ва эстамплар, 500 минг номдан ортиқ даврий нашрлар, 800 минг картиналар, 450 минг медаль ва тангалар ва б. бор. Франция тарихи билан боғлиқ кўп сонли адабиётлар ва ҳужжатлар, таниқли француз сиёсий арбоблари, олим ва ёзувчилари дастхатларининг нодир тўплами, 19-а. француз энциклопедистларининг бой тўпламлари машҳур.

Париж миллий кутубхонаси фондидаги Ватан нашрлари 1537 й. дан кутубхона оладиган мамлакат босма нашрининг мажбурий нусхаси асосида йиғилади, хорижий нашрлар билимларнинг барча соҳалари бўйича (кўп қисми адабиёт, тарих ва санъат бўйича ихтисослашган) умумий хусу-сиятга эга бўлган ишлардан иборат.

Париж миллий кутубхонаси 1839 й. дан системали каталогни мунтазам юритади, 1850 й. дан унинг алоҳида қисмлари босма каталоглар кўринишида чиқа бошлаган.

Жумладан, 1897 й. дан «Миллий кутубхона босма китобларининг бош каталоги. Муаллифлик туркуми» нашр этилади. Муаллифларнинг исми, фамилияси, улар яшаган саналар, асарлари нашр қилинган тиллари бўйича тузилган автоматлаштирилган маълумотлар базасини ишлаб чиққан.

1996 й. да Франсуа Миттеран сайди тузилган, унда 200 мингдан ортиқжилд энциклопедиялар тўплами йиғилган; 1998 й. да аудио-видео ҳамда босма асарлар замонавий электрон сайдга киритилган.