ПАРФЕНОН

ПАРФЕНОН (юн. parthenon, parthenos — бокира қиз) — Акропол (Афина)даги маъбуда Афина ибодатхонаси, юнон меъморлиги санъатининг улкан ёдгорлиги. Мил. ав. 447—438 й. ларда Иктин ва Калликрат томонидан қурилган. Ибодатхонада катта целлалар (ди-ний ҳайкаллар учун хоналар) ва кичик хоналар (худди ибодатхона каби «Парфенон» деб номланган) бўлиб, уларда хазиналар саклаш мўлжалланган. Бу хоналар (тарҳи 30,89х96,54 м) дорий колоннадалари билан ўралган. Ҳашаматли оқ мармарли иншоот Фидий ва юнон ҳайкалтарошлари ишлаган ҳайкалтарошлик безаклари билан тўлдирилган. Бино тарзи ҳошияси метопларида кентавр, баҳайбат одам, амазонкаларнинг ўзаро кураш саҳналари, фронтонлари ҳайкалтарошлик мужассомоти билан безатилган. Парфенон меъморлигида юнон санъатининг буюклиги унинг гуллаган давридаги гармонияси, гўзаллиги, ҳаётийлиги акс эттирилган. 1687 й. да турклар билан бўлган урушда венецияликлар томонидан вайрон қилинган. 1801—03 й. лар Парфенон ҳайкаллари Англияга олиб кетилиб, 1816 й. Британия музейига қўйилган.