ПАРА

ПАРА — Бразилиянинг шим. қисмидаги штат. Майд. 1253 минг км2. Ахолией 6,1 млн. киши (2000), асосан, метислар (маҳаллий номи — кабоклу). Маъмурий маркази — Белен ш., бошқа йирик шахри — Сантарен. Штат шарқий Амазонияда жойлашган, шим. ва жан. дан Гвиана тизмалари ва Бразилия ясситоғлиги ўраб туради. Иқлими экваториал, нам ва иссиқ иқлим. Ўртача ойлик т-ра 26—28°. Йиллик ёғин 1500—2500 мм. Асосий дарёлари: Амазонка ва унинг ирмоқлари. Нам экваториал ўрмонлар, шим. да саван-налар бор.

Пара — мамлакатнинг йирик, бирок, аҳолиси сийрак штатларидан. Иқтисодиётининг етакчи тармоқлари — ўрмончилик ва қ. х. Ўрмондан бразил ёнғоғи, каучук йиғилади, ёғоч тайёрланади. Амазонка ҳавзасида деҳқончилик ривожланган. Асосий қ. х. экинлари: жут, шоли, маниок, шакарқамиш, какао, банан, ананас, пахта, тамаки. Чорвачиликда қорамол боқилади. Соҳилларда балиқ овланади. Саноати ўрмон ва қ. х. хом ашёларини қайта ишлашга ихтисослашган. Кон саноати ривожланган. Темир ва марганец рудалари, олтин, олмос, тоғ хрустали, боксит конлари топилган.