ПАНЗООТИЯ

ПАНЗООТИЯ (пан… ва юн. zoon — ҳайвон) — ҳайвонлар ўртасида юқумли касалликнинг ғоят тез ва кенг тарқалиши. Панзоотияда юқумли касаллик бир ёки бир неча мамлакатда, бутун қитъада кенг тарқалиб, деярли ҳамма ҳайвон касалланади. Оқсил касаллиги, ўлат ва б. шундай касалликлардан. Бу касалликлар тез юқади, инкубация даври қисқа, касал ҳайвон тузалгандан кейин кучли иммунитет ҳосил бўлмайди.

Ижтимоий-иқтисодий омиллар, биринчи навбатда, хўжаликларнинг мамлакат ичида ва ўзаро тез-тез алоқада бўлиб туриши, шунингдек, мол боқиш шароитининг ўзгариши Панзоотия ривожланишига маълум даражада сабаб бўлади. Панзоотияга қарши муваффақиятли курашиш касалликлар қай даражада ўрганилганлигига, диагностиканинг самарали усулларига ва профилактиканинг ўзига хос воситалари, шунингдек, эпизо-отик тадбирларнинг тўла амалга оширилишига боғлиқ.