ПАНЖАРА

ПАНЖАРА — меъморий бўлак; катаксимон тўқима шакл, тўсиқ. Биноларнинг эшик, дарча, туйнук, зинапояларида, айвонларда тўсиқ ва айни пайтда безак вазифасини ўтайди. Турар жой, боғларда, кўчаларда, уй-рўзғор буюмларида, амалий санъат ва ҳунармандлик буюмларида ҳам безак сифатида фойдаланилади. Панжара ёғоч тахтачаларни, ғиштни қалаб, ганч ва металлни қуйиб ва ўйиб, тошни қалаб ва ўйиб ўсимликсимон, ҳандасий шакл ҳосил қилиб тайёрланади. Содда ва мураккаб турлари бор. П. тайёрлаш усули Панжаранинг хом ашёсига, вазифасига, ўрни, устанинг малакаси ва маҳоратига боғлиқ. Панжаранинг кенг Tap-калган тури ёғоч Панжара учун олдин ром тайёрланиб, чизма бўйича ҳозирланган тахтачалар унинг ичига қалаб-йиғиб чиқилади (ёғоч бўлакларининг порси қилинган, тиш чиқарилган жойлари бирбирига болғача билан уриб жипслаштирилади). Бу устадан кўп меҳнат, ма-ҳорат, аниқлик талаб қилади. Тахтани парма ва искана билан ўйиб ҳам Панжара тайёрланади. Ганч Панжара ганчнинг энг яхши навидан қолипга қуйиб ёки тайёр ганч тахтани ўйиб ҳосил қилинади, сўнг пардозланади. Шакли олдин ганчдан ёки ғиштдан қалаб тайёрланиб, устига кошин қопланган Панжара ҳам бор. Металл Панжаралар камдан-кам бўлиб, қуйиб ёки мис тахтани ўйиб тайёрланган (ҳозир кўпинча чўяндан қуйилиб тайёрланмоқда). Замонавий меъморликда металл ва бетон П. лар кенг қўлланади.

Археологик материаллар Панжара санъати қадимдан мавжудлигини, айниқса, Шарқ мамлакатларида кенг тарқалганлигини кўрсатади. Тупроққалъа (3-а.) саройларида ҳам хом ғиштни қалаб, Варахша (8-а.) биноларида ганчни ўйиб ишланган Панжара қолдиқлари бор, Исмоил Сомоний мақбарасида пишиқ ғиштни қалаб Панжара ҳосил қилинган. Те-мурийлар даврида жозибадор ишланган Панжара намуналари яратилган Шоҳи-зинда мажмуаси (14-а.)да маҳорат билан ишланган ёғоч Панжара ва б. меъморий ёдгорликларда мармардан ишланган Панжара намуналари сақланган.

Мир Араб, Абдуллахон (16-а. Бухоро), Шердор (17-а., Самарқанд) мадрасаларида рангли кошинлардан мозаика П. ларининг ажойиб намуналари, Ситораи Моҳи Хоса мажмуи (1913—14), Хивадаги Тошҳовли, Самарқанддаги Имом ал-Бухорий мажмуи, Тошкентдаги Навоий театри, Ўзбекистон тарихи музейи, Навоий номидаги адабиёт музейи, «Кўк гумбаз» кафе ва чойхонаси, Темурийлар тарихи давлат музейи, «Ўзбекистон» меҳмонхонаси ва б. биноларда Панжаранинг жозибадор намуналарини кўриш мумкин.