ПАЛОС

ПАЛОС, шолча — икки томонлама нақш ҳосил қилиб қўлда ёки машинада тўқиб тайёрланадиган патсиз гидам. Ип, жун, сунъий толалардан тўқилади. Одатда, ер (пол)га тўшалади. Газлама тўқиш усулида арқоқ ипини 2 хил кўринишда (вертикал тирқишли ва тирқишсиз) маталиши воситасида ба-жарилади. Арқоқ ипини бу усулда маталиши турли (ҳандасий ва ислимий) нақшлар, ифодали тасвирларни аниқ ҳосил қилиш имконини беради. Дунёда Болгария, Ҳиндистон, Эрон, Руминия, Туркия П. лари машҳур. Шарқ мамлакатлари (Ҳиндистон, Эрон ва б.), жумладан, Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудида Палос тайёрлаш қад. дан кенг тарқалган, ранг-баранг гўзал Палослар яратилган. Рангли асос ёки қалин арқоқ ипи ёрдамида яратилган нақшлар заминда бир оз бўртиб майин ётади, ёддан тўқилган мужассамотда йўл-йўл қаторлар, йирик зинасимон нақшлар, уруғ тамғаси тасвирлари, ҳайвон шакллари кўп учрайди. Палос колоритида қизил ранг устун туради. Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз, Хива ва б. жойларда ф-каларда тайёрланади. Сирдарё, Қашқадарё ва б. жойларда қўлда қад. анъанавий ва замонавий усулларни қўллаб Палос тўқиш ривожланган.