ПАЛЛАЛИ ҒЎЗА

ПАЛЛАЛИ ҒЎЗА, қайчибарг ғўза (Gossypium lobatum Gent) — ёввойи ғўза тури. Геноми Д7, хромосомалар сони 2п=26. 1956 й. да кашф қилинган. Паллали ғўзанинг ватани — Мексика (Мичоа-кан штати). Паллали ғўза — ингичка, бўйи 8 м гача етадиган оч яшил дарахт; юқорига йўналган ўсув шохлари кўп. Хосил шохлари калта; гуллари барг қўлтиғидан чиқади. Ғўза юлдузчасимон туклар билан қопланган. Барглари йирик, оч яшил, қалин тукли. Барг пластинкаси билинар-билинмас 3 бўлакчага (кенг қиррали учбурчак шаклда) бўлинган. Барг шира бези битта, цилиндр шаклида, оч яшил. Ёнбарглари йирик (9 мм гача), тезда тўкилиб кетади. Гуллари йирик, қўнғироқсимон, гулбарги оч қизил, олча ранг доғлари бор, ташқи томонининг чети тўқ қизил. Косачаси узун учбурчак тишли. Гулёнбарглари майда, тўкилиб кетмайди. Кўсаклари май-дароқ, 3 чаноқли, ингичка цилиндрсимон, ўткир ко-нуссимон шаклда, сиртида кўзга аниқ ташланадиган безчалари бор. Чигити узунчоқ, 3—4 мм узунликдаги қўнғир туклар билан қопланган. Паллали ғўза фотодаврий ўзгаришларга таъсирчан. Ширага чидамли. Чигити қаттиқ — тошчигит. Уч бўлма баргли ғўзага пайванд қилинган Паллали ғўза яхши ривожланиб гуллайди. Мексика ғўзасининг ёввойи шакллари билан осон чатишиб, бепушт дурагайлар ҳосил қилади. Абдумавлон Абдуллаев.