ПАЛЕСТРИНА

ПАЛЕСТРИНА (Раlestrina), Жованни Пьерлуижи да Палестрина (тахм. 1525, Рим яқинидаги Палестрина ш. — 1594.2.2, Рим) — итальян композитори, Рим полифоник мактаби асосчиси, Уйғониш даври мусикасининг йирик намояндаси. 1544—51 й. лари Палестрина ш. даги черков хор капелласида органчи ва капельмейстер, сўнгра Рим капеллаларининг му-сиқа раҳбари. Ижоди асосини диний хор асарлари ташкил этади (жами 100 дан ортиқ месса, 180 га яқин мотет, ўнлаб мадригаллар, магнификатлар ва б.). Кўп овозли вокал мусиканинг мумтоз намуналарини яратган. Мусиқа услубига полифония ва гармония воситаларининг ўзаро уйғунлиги, оромбахш куйлар равонлиги, мушоҳадали ва самимий образларнинг ички мувозанати хос.