ПАЛЕОИҚЛИМШУНОСЛИК

ПАЛЕОИҚЛИМШУНОСЛИК (палео… ва иқлимшунослик) — Ернинг геологик ва тарихий ўтмиш иқлими ҳақидаги таълимот. П. вазифаси Ер тарихи давомида содир бўлган иқлим шароитларини ўрганиш ва уларни Ер шари бўйича тақсимланишини тадқиқот қилишдан иборат. Палеоиқлимшунослик палеогеографиянинг муҳим қисми ҳисобланади; у стратиграфия ва палеонтология, геоморфология ва фойдали қазилмалар тўғрисидаги фанлар билан чамбарчас боғланган. Геологик маълумотлар иқлимшунослик, метеорология, география, геофизика ва астрономиянинг назарий қоидалари асосида тахлил қилинади ва умумлаштирилади. Геологик ўтмиш иқлими хақидаги хулоса аввалги геологик давр табиати ва астрономик крнуниятларга бўйсунувчи Қуёш радиациясининг оқими маълумотларига асосан тузилади. Яқин ўтмиш иқлими ҳақидаги хулоса эса географик ландшафт, ўсимликларнинг тақсимланиши, дарахтларнинг йиллик ҳалқаларининг замонавий хусусиятлари, сақланиб қолган тарихий далиллар ва маданий ёдгорликлар ҳамда кейинги юз йилликдаги инструментал кузатишлар бўйича тузилади.

Қад. иқлимнинг геологик индикаторлари орасида асосий 3 гуруҳ: литологик, палеоботаник ва палеозоологик кўрсаткичлар алоҳида ўрин тутади. Литологик кўрсаткичлар деярли ҳамма жойда тарқалган; ўтмиш даврларда иқлим шароитлари қандай бўлганлиги, нураш хусусияти ва суръати, чўкинди жинсларнинг бир-биридан фарқи даражаси миқёси орқали аниқланади. Палеоботаник кўрсаткичлар ўсимликларнинг қазилма қолдиқлари бўлиб, бу қолдиқлар иқлим таъсирини, ўсиш вақти ва жойини акс эттиради. Mac, тропик ўрмонларнинг ҳосил бўлиши иқлимнинг иссиқ ва нам бўлганини, саванна ва ксерофил сийрак ўрмонларнинг ҳосил бўлиши икдимнинг иссиқ ва қуруқ бўлганини кўрсатади; барг тўкадиган ўрмонларнинг ҳосил бўлиши мўътадил иқлим индикатори бўлиб хисобланади. Палеозоологик кўрсаткичлар организмлар яшаган давр иқлимини акс эттирадиган қолдиклардан иборат. Қуруқликда яшовчи умуртқалилар девон даврит пайдо бўлган; кайнозой эрасидаги сут эмизувчилар турли иқлимга яхши мосланиб, кенг ҳудудларда яшаган.

Қад. иқлим палеозой эрасидан бошлабгина умумий тарзда аниқланган. Т-ра ва намликнинг кўп марта ўзгариб туриши натижасида юқори кенгликларда музлик даврлари ва улар орасидаги даврлар алмашиниб турган, қуйи кенгликларда эса плювиал ва ксеротермик иқлимлар вужудга келган.

П. Ер иқлимининг тарихини ўрганиш орқали фойдали қазилмаларнинг пайдо бўлиши, ўтмиш геологик давридаги ҳайвон ва ўсимликларнинг яшаш шароитини кўрсатади ва иқлим ўзгаришини олдиндан айтиш имконини беради.

Тоҳир Мухторов.