ПАЛЕОБОТАНИКА

ПАЛЕОБОТАНИКА (палео… ва ботаника) , палеофитология — ботаниканинг казилма ўсимликларни ўрганувчи соҳаси. Палеоботаника қазилма ўсимликларнинг систематикаси, ташки (морфологик) ва ички (анатомик) тузилиши, Ер юзида тарқалиш қонуниятлари, муҳит билан ўзаро муносабатлари, ривожланиш тарихи, ўзаро қариндошлиги, ўсимлик қоплами алмашинуви қонуниятлари каби масалаларни ўрганади. Палеоботаника маълумотлари систематика, морфология, анатомия, эволюция, филогения, геогр., геол. да назарий масалаларни ҳал килишга ёрдам беради.

Одатда, табиий шароитга мослашган ўсимликлар сақланиб қолган, мослаша олмаганлари эса йўқ бўлиб кетган. Демак, қазилма ўсимликлар геологик даврлардаги табиат ўзгаришларини билдирувчи метеорологик восита ҳисобланади. Геологик ва стратиграфик қазилма бойликларни қидиришда Палеоботаника маълумотларидан фойдаланилади, чунки Ер пўстидаги ёқилғиларнинг ҳаммаси (тошкўмир, антроцит ва б.), асосан, ўсимлик қолдикларидан ҳосил бўлган.

Текшириш объектларига кўра, Палеоботаника қуйидаги мустақил тармокларга бўлинади: палеопалинология — қазилма ўсимликларнинг чанг ва спораларини (кимёвий усулда махсус ишлангандан сўнг) микроскоп ёрдамида ўрганади; палеокарпология — ўсимликларнинг қазилма уруғи, меваси, данаги ва мева пўчоқларини ўрганади; палеокс илология — ўсимлик ёғочларининг кўмир ва тошга айланган қолдиқларини махсус (шлифт) тайёрлаб, микроскопда текширади, ихнофитология — ўсимлик барги, шохи, гули ва кўпайиш органининг тоғ жинсларида қолган изини ёки эпидермия қолдикларини ўрганади.

Палеоботаникадан палеомикология ва палеоальгология ёки палеофикология мустақил фан сифатида ажралиб чиқади. Планктон қазилма сувўтларни ўрганиш, айниқса, муҳим аҳамиятга эга. Чунки органик дунёнинг бошланғич ривожланиш босқичларини тушунишда қад. бактерия, сувўтларни ўрганиш жуда муҳим.

Ўсимликларнинг қазилма қолдиқлари қадимдан олимлар диққатини жалб қилган. Мас, мил. ав. 6—5-а. ларда Ксенофан Перос ороли тоғ ётқизикларидан «лавр япроклари»ни топганлиги ҳақида ёзган. Аммо ўсимликларнинг қазилма қолдиқлари ва излари анча вақтгача табиат ажойиботи деб тушунилган. Аммо улар бир вақтда ўсган ўсимликларнинг қолдиқлари эканлигини даставвал Леонардо да Винчи (15-а. охири) кўрсатган. Палеоботаникани алоҳида фан сифатида ўрганишни француз олими А. Броньяр бошлаб берган. 19-а. охири ва 20-а. бошларида янги кумир конларининг очилиши туфайли кўмир қатламларидаги ўсимлик қолдикларини ўрганиш имкони туғилди.

Ўрта Осиёда Палеоботаника бир қанча кумир конлари топилиши муносабати билан ривожланди. Бу ерда, айниқса, юра ва учламчи ҳамда тўртламчи давр қазилма ўсимликлари яхши ўрганилди. Ўзбекистон ҳудудида қурукликда ўсган ўсимликлар — псилофитлар 360 млн. йил аввал — девон даврида тарқалганлиги аниқланган. Карбон даврида ўсимликлар олами бирмунча мураккаблашган; бу даврда қоз. қирқбўғимлар, қирққулоқлар ва игнабарглиларнинг қад. аждодлари яшаган. Бу даврга оид 40 дан ортиқ ўсимлик қолдиклари Бўкантоғ, Зирабулоқ, Ҳисор, Курама, Олой, Нурота, Туркистон ва б. тоғлардан топилган. Пермь ва триас давридан 80 га яқин, юра давридан эса 100 дан ортиқ ўсимлик туркуми аниқланган. Ўрта Осиё кўмир конларининг ҳосил бўлишида бу ўсимликлар муҳим роль ўйнаган. Ўрта Осиёда бўр даврига келиб денгизнинг қисқариб, қуруқликнинг opтиши билан ўсимликлар оламида катта ўзгаришлар рўй берган. Очиқ уруғли ўсимликлардан янги шароитга мослаша олмаганлари йўқ бўлиб кетиб, — ёпиқ уруғли ўсимликлар ривожланган. Ўзбекистон ҳудудида бўр даврида пайдо бўлган ўсимликлардан тол, терак, чинор, тут, хурмо, қайрағоч, анжир, чилонжийда ва б. ҳозиргача сақланиб қолган.

Ад.: Криштофович А. Н., Палеоботаника Узбекистана, т. 1—2, Т., 1968—71.