ПАЛАУ

ПАЛАУ (Palau), Палау Республикаси (The Republic of Palau) — Тинч океаннинг ғарбий қисмидаги Каролина ороллари туркумидаги 8 та йирик оролда жойлашган давлат. Баъзан Белау деб талаффуз этилади. Оролларнинг энг каттаси — Бабелтуап о. Майд. 508 км2. Аҳолиси 19,4 минг киши (2002). Маъмурий-ҳудудий жиҳатдан 16 штат (state)ra бўлинади. Пойтахти — Корор ш.

Палау — республика, АКШ билан «эркин уюшган» давлат. Амалдаги конституцияси 1981 й. қабул қилинган. Давлат бошлиғи — президент (2000 й. дан Томас Ременгесау), аҳоли томонидан тўғри овоз бериш йўли билан 4 й. га сайланади. Қонун чиқарувчи ҳокимиятни 2 палатали (сенат ва делегатлар палатаси) Миллий конгресс (парламент), ижрочи ҳокимиятни президент ва ҳукумат амалга оширади. Аҳолиси — микронезлар. Расмий тил — инглиз ва белау (палау) тиллари. Диндорларнинг аксарияти — католиклар.

Барча йирик ороллари вулкан ҳаракати натижасида вужудга келган, улар маржон рифлари билан ўралган. Фосфат конлари бор. Иқлими нам, тропик иқлим. Йиллик ёғин 2250 мм дан 3000 — 4500 мм гача, Кусане о. тоғларида 6000 мм. Вулкан оролларида доим яшил ўрмон ва саванналар; маржон оролларида, асосан, кокос пальмаси ва панданус дарахти ўсади. Ҳайвонот дунёси шим. оролларда майда кемирувчилар, калтакесак, илонлар ва жан. оролларда турли қуш ва ҳашаротлардан иборат. Соҳил бўйи сувларида балиқ кўп.

Палау архипелаги оролларида одамлар Океаниядаги бошқа барча оролларга нисбатан илгарироқ, бир неча минг йил аввалдан яшаб келади, деб тахмин қилинади. Бу ерга европаликлардан биринчи бўлиб испанлар 1710 й. да келганлар. 1783 й. Англия кемаси ҳалокатга учраши оқибатида оролга келтирилган касалликлар натижасида 50 минг аҳолидан 5 минги омон қодди. 1886 й. ҳудуд Испания мустамлакасига айланди, 1889 й. да Германияга сотиб юборилди, 1-жаҳон уруши вақтида японлар босиб олди ва 1944 й. гача уларнинг бошкарувида бўлди. 1947 й. БМТ карорига кўра, АҚШ бошқарувига ўтди. 1993 й. нояб. даги референдум иштирокчилари АҚШ га ихтиёрий равишда қўшилиш учун овоз берди. 1994 й. 1 окт. дан Палау Республикаси АҚШ билан «эркин уюшма» доирасида мустақилликка эга бўлди. У ўзини ўзи идора қилса ҳам, аммо мудофаа, молия, ташки ишлар масалаларини АҚШ бошқаради. Палау — 1994 й. дан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 1 окт. — Мустақиллик куни (1994).

Вулканлардан ҳосил бўлган унумдор ерларда тапиок, кокос, мева ва сабзавот етиштирилади, балиқ овланади. Қорамол, чўчқа, эчки боқилади. Бадиий ҳунармандчилик ривожланган. Кейинги вақтда сайёҳлик иқтисодиётда катта аҳамият касб эта бошлади. Роҳатижон қум соҳиллар сайёҳларни кўпроқ жалб этади. Электр энергия 16 минг кВтсоат қувватли электр стясида ҳосил қилинади. Четга кокос ёнғоғи, тунец балиғи сотади, четдан озиқ-овқат, машина ва ускуна, ёқилғи олади. АҚШ ва Тинч океан минтақаси мамлакатлари билан савдо қилади. Пул бирлиги — АҚШ доллари.

Сиёсий партиялар йўқ. Матбуоти «Палау газетт» («Палау газетаси», ойда бир марта инглиз тилида чиқадиган ҳукумат газ.) ва «Тиа Палау» («Бу — Палау», инглиз ва мақаллий тилларда чиқадиган газ.)дан иборат. «Палау нэшнл комьюникейшнз корпорейшн» радиоэшиттириш компанияси ва 2 телемарказ бор.