ПАЛАК

ПАЛАК — қўлда ёки машинада кашта тикиб тайёрланадиган бадиий буюм. Хонани безатиш учун деворга осилади. Ип-газлама (ўтмишда оқ ёки малла бўз) га босма ва б. чокда кашта тикилади. Тўлин ойли осмон акс эттириладиган нақш мужассамоти осмон, ой ва юлдузларни ифодаловчи рамзий шакллар (дойра ва юлдузлар)дан иборат. Гулларнинг йириклиги ва замини ҳам кашта билан қуюқ қоплаб тикилишига кўра сўзанадан фарқ қилади. Тасвирдаги ой сонига қараб 6 ойли, 12 ойли ва бошқа Палак хиллари мавжуд. Палакнинг ранги, жилоси, мужассамоти, бадиийлиги чеварнинг маҳорати ва дидига боғлиқ.

20-а. 60-й. лардан машина каштадўзлиги кенг тарқалиши билан каштаси машинада тикиб тайёрланган Палаклар и. ч. йўлга қўйилди (қ. Попопчилик). Турли хил рангдор матолар и. ч. нинг йўлга қўйилиши кашта заминида мато рангини сақлаб қолишни тақозо этди. Шунинг учун Палак ўрнини сўзана эгаллай бошлади. Тошкент, Фарғона, Сурхондарё ва б. жойларда яратилган Палакнинг ажойиб намуналари Ўзбекистон ва хориж музейларида сақланади.