ПАКАНА ҒЎЗА

ПАКАНА ҒЎЗА — бўйи паст, тупи ихчам, ҳосил шохлари калта, табиий ҳолда учрайдиган ғўза шакллари ва сунъий яратилган навлари. Пакана ғўза навлари оддий маданий навларни паст бўйли ғўза шакллари билан чатиштириш, шунингдек, чигит ёки ғўзанинг генератив органларига мутагенлар (кимёвий модда, гамма нурлар ва ҳ. к.) таъсир эттириш натижасида яратилган. Пакана ғўзанинг бўйи 30—70 см дан ошмайди. Биринчи ҳосил шохи 3—5 бўғимда пайдо бўлади, кўсаклари тез очилади. Барглари майда ва сийрак бўлиб, эрта тўкилади. Илдиз тармоғи яхши ривожланмаган, минерал ўғит ва сувга талабчан.

Тупининг ихчамлиги муайян майдонда кўп туп (300—350—400 минг) қолдириш имконини беради. Ўзбекистон селекционерлари ғўзанинг сифатли тола берадиган пакана навлари (Калта пояли 1, Қарши 2 ва ҳ. к.)ни яратдилар. Кейинги вақтда бирмунча кам экилади.

Абдумавлон Абдуллаев.