ПАК Вера Борисовна (1938.13.11, Қўнғирот ш.) — илғор ўқитувчи, Ўзбекистон Қаҳрамони (2001). Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими (1992). Қорақалпоғистон пед. ин-тини тугатган (1961). 1961 — 85 й. ларда Хива ш. даги 3-мактабда кимё-биол. ўқитувчиси, синфдан ташқари ишлар ташкилотчиси, Хива ш. халқ маорифи бўлими меҳнат таълими йўриқчиси, 1985 й. дан 20-меҳрибонлик уйи директори. Пак меҳрибонлик уйида турли миллат вакилларидан иборат 140 нафар ота-она тарбиясидан четда қолган ўғил-қизни тарбиялаб, ҳаётда ўз ўрнини топишга ёрдам бериб келмоқда. Пак меҳрибонлик уйида турли учрашув ва тадбирлар, болалар жамоасининг кўрик танловлари ва спорт мусобақаларини ўтказиб келади. Меҳрибонлик уйида 1985 й. дан «Шодлик» ансамбли фаолият кўрсатиб келмоқда. Пак раҳбарлик қилиб турган муассаса Ўзбекистондаги намунали меҳрибонлик уйларидан ҳисобланади.