ПАК ЧИ ВОН

ПАК ЧИ ВОН (тахаллуси Ёнам) (1737.5.3 – Сеул – 1805.10.12) – корейс ёзувчиси, қомусий олим. Сирхак (аниқ фанлар) оқимининг йирик намояндаси. Табиий фанлар, иқтисодиёт, фалсафа, тарих, ҳарбий санъатга оид асарлар муаллифи. Табиий материалист сифатида гелиоцентрик назарияни қўллаб-қувватлаган. Ердан фойдаланишдаги тартибни қайта қуриш лойиҳаларини таклиф этган («Деҳқончилик ҳақида рисола», 1799); халқни маърифатли қилишга даъват этган, лекин конфуцийчилик тарафдори сифатида мазкур ғояларни амалга ошириш маърифатли подшоҳнинг вазифаси деб ҳисоблайди. Пак Чи Воннинг адабий мероси корейс адабиётидаги реалистик йўналишнинг ривожланишида муқим роль ўйнаган. Илк ҳажвий новеллалари («Пангёнюк ибодатхонасининг норасмий тарихи» тўплами)да даврнинг ижтимоий муаммолари акс этган. Кўп жилдли «Жэхэй кундалиги» (1—26китоблар, тахм, 1783) олимнинг 1780 й. да Хитойга қилган саёҳати таассуротлари асосида ёзилган. Унда «Йўлбарснинг қақшатқич зарбаси» ҳажвий аллегорияси ва «Хо Сен ҳақида қисса» утопик асари ўрин олган. Табиат манзаралари тасвирланган ва фалсафий лирикаси ватанга мухаббат руҳи билан йўғрилган. Адабий-танқидий мақолаларида адабиётнинг ижтимоийтарбиявий аҳамияти таъкидланган.