ПАҲЛАВОН МАҲМУД МАЖМУАСИ

ПАҲЛАВОН МАҲМУД МАЖМУАСИ, Полвон ота мақбараси — Хивадаги меъморий ёдгорлик (1810—1913). Мақбара мажмуасининг умумий ҳажми 50×30 м бўлиб, дастлаб Паҳлавон Маҳмуд қабри устига 1664 й. да мўъжаз синчкори иморат қурилган. Дарвозахона эшигидаги ёзувга кўра, Паҳлавон Маҳмуд Мажмуасининг қурилиш санаси 1701 й. да Шоҳниёзхон қурдирган вақтдан ҳисобланади. 1825— 35 й. ларда унинг ўрнида ғиштин тоқу равоқли серҳашам мақба-ра (17,5×25,5 м), зиёратхона (9Х9 м) ва хонақоҳ (4×4 м) қад кўтарган. Кейинроқ Хива хонлари (Абулғозихон, 1643 — 63; Шоҳниёзхон, 1695—1702; Муҳаммад Раҳимхон I, 1807 — 26; Темурғозихон, 1857—58 ва б.) ҳам шу ерга дафн этилган. 1913 й. да уста Қурбонниёз бошчилигида ҳовлининг ғарб томонига икки ошёнли қорихона, қаршисига ўймакори устунли айвон қурилган. Мажмуага жан. томондаги дарвозахона орқали кирилади, ичкари саҳнига ғишт терилган. Четида қудуқ, кичик ҳовли қаршисида пеш-токли ҳонакоҳмақбара, ўнгда айвон, сўлда супа ва қорихона жойлашган. Хонакоҳ пештоғидаги ғиштлар орасида сиркор бандлар боғланган, икки чеккасидаги гулдаста морпеч шаклида. Гумбазнинг нақшин безаклари, асосан, мовий ранг сирли сополлардан терилган. Бино ичкариси нафис безатилган. Унинг изорасидан тортиб гумбазли қуб-басигача оқ ва мовий нақшли. Безаклар орасидаги китобага Пахлавон Маҳмуд рубоийлари битилган. Хонақоҳнинг ғарбий эшиги орқали зиёратхонага ўтилади. Унда Паҳлавон Маҳмуднинг сиркор сағанаси жойлашган. Паҳлавон Маҳмуд Мажмуаси даги асосий бинолар Одина Муҳаммад Мурод бошчилигида қурилган. Безакларини Мулла Нурмуҳаммад К,алан-дар ўғли, Сўфимуҳаммад Абдужаббор ўғли ва Абдулла «жин»лар бажарган. Зиёратхона эшиги (1810), ташқари эшик (1894) уста Нурмуҳаммад томонидан ишланган. 1960 й. да уста Рўзимат Машарипов иштирокида қорихона ва айвон таъмир этилган. Паҳлавон Маҳмуд Мажмуасида 19-а. Хива меъморлиги ус-луби ёрқин намоён бўлган.