ЧУМЧУҚКЎЗ

ЧУМЧУҚКЎЗ (Veronica campylopoda) — сигирқуйрукдошлар оиласига мансуб бир йиллик майда, жингалак тукли ўсимлик. Бўйи 5—10 см, пояси тўғри ёки шохланган. Барглари оддий, чўзиқ наштарсимон, юқоридагиларининг четлари текис, пастдагилариники сал ўйилган. Тўпгули шингилсимон. Гуллари қийшиқроқ, кўк, икки жинсли. Меваси туклар билан қопланган, икки уяли кўсакча. Чумчуқкўз мартда гуллайди, апрелдан мева тугади. Ч. Ўрта Осиёнинг барча ҳудудларида, Закавказье, Афғонистон, Ироқ ва Кичик Осиёда тарқалган. Ўзбекистоннинг чўлларида, тоғ этакларининг майин тупроқли, қумли ва майда тошли ён бағирларида ўсади. Бегона ўт сифатида турли экинлар орасида ҳам учрайди. Чумчуқкўз баҳорда овқатга ишлатилади.