ЧААТАС

ЧААТАС (хакасча — уруш тоши) — Минусинск сойлигидаги (Хакасиядаги Абакан ва Енисей дарёлари ҳавзаси) мозорқўрғонлар ва археологик маданият (6—9-а. лар)нинг номи. Тошдан бунёд этилган қўрғонлар вертикал тош плиталар ва стела (устунлар) билан қопланган. Бу стелаларнинг баъзиларида Урхун-Енисей битиклари учрайди. Қўрғонларнинг тош лаҳадларида марҳумлар куйдириб дафн этилган, маййит атрофига овқат ва ичимлик қолдиклари бўлган идишлар қўйилган. Зодагонларга тегишли катта қўрғонлар (диаметри 30 м гача) дан олтин ва кумушдан ясалган идишлар, қурол-аслаҳа, эгар-жабдуқ ва б. топилган (қ. Уйбат Чаатаси), бу қўрғонларнинг атрофи оддий жамоа аъзоларига тегишли кичик мозорқўрғонлар билан ўралган.