ЧАВГОН

ЧАВГОН (форс. — учи эгри таёқ) — отда ўйналадиган жамоавий спорт ўйини. Қад. Шарқда Чавгон чорвадорлар ўйини сифатида пайдо бўлган. Кейинроқ отлиқ аскарларнинг машғулотига айланган. Шарқ халқлари Чавгон тўпини «гўй», эгри таёғини «чавгон» дейишган. Шу боис бу ўйин «гўйчавгон» деб ҳам аталган. Бу тарихий қўлёзмаларда ўз ифодасини топган. Махмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг», Абдураззоқ Самарқандийнинг «Мажлаи саъдайн ва мажмаи баҳрайн», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари ва б. манбаларда Чавгон ўйинига оид кимматли маълумотлар бор. Айниқса, Абдулқосим Фирдавсийнинг «Шоҳнома», Унсур алМаолийнинг «Қобуснома» асарларида Чавгон ўйини муфассал берилган. 16-а. миниатюра мактабига мансуб номаълум мусаввирнинг «Чавгон ўйини» асарида бу ўйиннинг қизғин лаҳзаси тасвирланган. Абу Абдуллоҳ Рудакий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий Ч. ўйинидан илҳомланишган ва ажиб ўхшатишлар яратишган. Бу анъана Шарқ адабиётида ҳамон давом этиб келади. Ёзувчи Примқул Қодировнинг «Ҳумоюн ва Акбар» тарихий романи бобурий маликаларнинг Чавгон ўйинига тайёргарлигини тасвирлашдан бошланади. Тарихий манбаларда ёзилишича, Чавгон ўйини айнан бобурийлар салтанати даврида Ҳиндистонда кенг оммалашган.

1850 й. да Ҳиндистонда хизмат қилаётган инглиз отлиқ аскарлари Чавгон ўйинига қизиқиб қолишган ва дастлабки мусобақаларни ўтказишган. 1871 й. да Буюк Британияда Чавгон (поло) мусобақаси ташкил қилинган. Шу тариқа Чавгон олдин Европа, кейин Америка давлатларига тарқалган. 1900, 1904, 1920, 1924 ва 1936 й. ларда бўлган олимпиада ўйинлари дастуридан ҳам жой олган. Замонавий Чавгон ўйини (ҳоз. кўплаб давлатларда «поло» деб аталади) майдоннинг ўлчами 274×182 м, ёғочдан тайёрланадиган тўпининг диаметри 8 см, оғирлиги 120— 135 г, икки ёндаги дарвозаларининг эни 8 м дан, ўйин вақти 56 мин. (7 мин. дан 8 бўлим). Мусобақалашаётган икки жамоадаги 4 тадан отлиқ ўйинчи қўлларидаги учи эгри таёқ (клюшка) ёрдамида тўпни рақиб дарвозасига киритишга ҳаракат қилади. Ўйинчиларга учрашув давомида отларини ўзгартиришларига рухсат этилади. Ҳоз. кунда Чавгон ўйини Франция, Аргентина, АҚШ, Мексика, Буюк Британия, Италия давлатларида ривожланган.

Асрор Мўминов.