ЧУ ВИЛОЯТИ — Қирғизистон Республикаси таркибидаги вилоят, республика шим. да. Майд. 18,8 минг км2. Аҳолиси 747,9 минг киши (1995), асосан, қирғизлар ва руслар, шунингдек, ўзбек, украин, немис, татар, дунган, уйғур ва б. миллат вакиллари ҳам яшайди. Таркибида 11 туман, 5 шаҳар ва 7 шаҳарча бор. Қирғизистон пойтахти (Бишкек) ҳам вилоят худудида жойлашган. Ундан ташқари, Тўқмоқ, Қораболта, Кант, Шопоков ш. лари мавжуд. Маркази — Қораболта ш. Вилоятнинг рельефи тоғли. Бал. 5000—5500 м. Ч. в. ҳудудига Чу ва тоғ оралиғидаги Катта Кебин водийлари, шунингдек, уларни ўраб турган Кирғиз, Или, Кунгай Олатовларининг ён бағирлари киради. Водийнинг ғарбий ва ўрта қисмлари деярли текислик. Қирғиз Олатовининг этакларига яқин томони ҳамда Қирғиз, Или Олатовлари эгаллаган шарқий қисми бироз қия. Водийнинг шарқида Чу дарёсининг ўнг соҳилида Кебин водийси жойлашган. Водийдан жан. да даралар билан бўлинган ўртача баландликдаги тоғ тармоғи бор. 3500 м дан юқорида кўп йиллик музлик, қоялар, музли минтақалар бошланади. Қирғиз Олатовидаги довонларнинг ҳаммаси 3000 м дан баланд. Тоғнинг энг баланд жойи Олаарча ва Аламеддин дарёларининг бошланишида жойлашган. Айрим тоғ чўққилари 4500 м баландликда. Шаркда Или ва Кунгай Олатовларининг оралиғида Катта Кебин водийси, водий ичкарисида Кўкойроқ яйлови жойлашган.
Фойдали қазилмалардан полиметалл рудалари, рангли металлар, нометаллардан ош тузи, гипс, мармар, сиенит, гранит, мергель, ‘ шағал, сланец ва б. бор. Газ, нефть ресурслари ўрганилган. Иклими кескин континентал, ёзи иссиқ, айрим йиллари қишда қаттиқ совуқ бўлади. Баҳори қисқа, март охиридан ҳаво исий бошлайди. Июлнинг ўртача траси 22°— 25°. Энг юқори тра 44°. Янв. нинг ўртача траси —7°. Энг паст тра —40°. Қор 75—90 кунгача эримай туриши мумкин. Йилига водийда 270—400 мм, тоғ ён бағирларида 500—600 мм ёғин тушади. Вегетация даври 220—230 кун. Дарёлари Чу дарёси ҳавзасига мансуб. Энг катта дарёси — Чу. Унинг ўнг ирмоклари — Катта ва Кичик Кебин дарёлари, чап ирмоклари — Жералиқ, Толдибулоқ, Шамиш, Бурана ва б. Иссиқ ва минерал булоқлар бор. Сунъий кўл кўп. Шарқий, Fapбий, Жан. Катта Чу суғориш каналлари ва Ўртатўқай сув омбори қурилган. Чу, Кебин водийларининг текислик қисмида бўз тупроқ, айрим жойларда нам ва шўр тупроқ; оч тусли қўнғир тупроклар ҳам учрайди. Тог этакларида оч тусли ва қора қўнғир тупроклар тарқалган. Табиий ўсимликлардан шувоқэфемерли чала чўл ўсимликлари, шувоқғалладошлар, чалов шувоқли ўтлар, қамиш ва бутасимонлар учрайди. Тог этаклари, асосан, чалов ва қорақиёқ ўсимликларга бой. Тог ён бағирларида ўтлоклар, баланд қисмида бутазор ва ўрмонлар мавжуд. Қирғиз Олатовидаги дараларда, Катта Кебин водийсида қарағай, қайин, арча, четан дарахти ва б. усади. 3600 м дан юқорида гляциалнивал минтақа жойлашган. Ёввойи ҳайвонлардан тоғ такаси, кийик, архар, силовсин, тулки, бўри, қундуз, суғур ва б., сувларда ҳар хил баликлар, гоз, ўрдак, ондатралар бор. Олаарча дарёси дарасида миллий боғ ташкил этилган. Тўқмоқда қирғовулларни кўпайтириб тарқатиш хўжалиги, Оқсув давлат комплекс қўриқхонаси, Жарли Қайинди, Кебин давлат зоология қўриқхонлари мавжуд.
Вилоятда рангли металлургия, ёғочсозлик ва мебелсозлик, машинасозлик, қурилиш материаллари, енгил, озиқовқат саноатлари бор. «Голдстар» радиозаводи, «Торгмаш», таъмирлашмеханика, Чу металл буюмлари и. ч., Қайинди кабель здлари, «Қирғизмебель» и. ч. бирлашмаси, Тўқмоқ ипйигирув фкаси, Қирғиз камволмовут кти, йирик панелли уйсозлик зди, кигиз, мўйна фкалари, озиқ-овқат саноати (консерва, ёғпишлоқ, шакарқанд, арақликёр, тамаки, пиво здлари, гўшт, ун ва б.) корхоналари ишлаб турибди. Чу вилоятида деҳқончилик ва чорвачилик ривожланган. Деҳқончиликнинг асосини ғаллачилик ташкил этади. Қанд лавлаги, маврак, ялпиз, сабзавот, картошка, полиз, озуқа экинлари экилади. Мевачилик, токчилик тараққий этган. Қорамол, чўчқа, парранда, шунингдек, йилқи, қуён, тулки, нутрия боқилади. Вилоят ҳудудидан Луговая — Бишкек — Кебин — Балиқчи т. й. ўтган (Ч. в. даги уз. 186 км). Водийдан Талас, Ўш, Тошкент, Олмаота, Балиқчи, Норинга магистрал автомобиль йўллари кетган. Бишкек ш. яқинидаги «Манас» аэропорти водийни Олмаота, Остона, Тошкент, Москва, Истанбул, Деҳли, Қоракўл, Ўш, Норин, Жалолобод ва б. шаҳарлар билан боғлайди. 300 га яқин умумий таълим мактаби, олий ўқув юртлари, музей, театр, маданият саройлари бор.