ЧОР МИНОР

ЧОР МИНОР (форс. — тўрт минора) — Бухородаги меъморий ёдгорлик (1807). Халфа Ниёзқул қурдирган. Чор минор анъанавий усулда қурилган масжид, бир қаватли Мадраса, атрофи бир каватли хужралар билан ўралган ҳовлидан иборат. Синчли пешайвон типидаги масжид ҳовлининг жан. ғарбий бурчагида жойлашган. Мадрасага 2 қаватли, гумбаз томли дарвозахона орқали кирилади. Мурабба тархли дарвозахона ўзига хос мужассамот ечимига эга: олди пештокли, тўрт бурчагида тўртта минора жойлашган (номи ҳам шундан), минораларнинг тепа қисми гумбаз шаклида якунланган бўлиб, улар сиркори кошинлар билан безатилган. 2 қаватли хонанинг 1қавати миёнсарой кўринишида бўлиб, изоралари тошлар билан қопланган, томи гумбазли, 2қавати кутубхона, кутубхонанинг шифти пастак гумбазли бўлиб, содда муқарнаслар ҳалқаси билан тўлдирилган. 2қаватга минораларнинг биридаги зина орқали чиқилади.