ЧЎПОНДЕПЕ

ЧЎПОНДЕПЕ, Чўпонтепа — мил. ав. 6—5минг йилликлар (неолит даври)га оид археологик ёдгорлик. У илк суғорма деҳқончилик маданиятига мансуб (қ. Жойтун маданияти). Ч. Ашхобод вилоятининг Гўкдепе тумани марказидан 7—8 км шаркда жойлашган. 1957—58 й. ларда қайд этилиб, қазишмалар ўтказилган. Чўпондепе узунчоқ шаклда бўлиб, бал. 5 м, майд. 2 га дан иборат. Бир неча минг йилликлар давомида Чўпондепеда кечган ўтроқ ҳаёт излари ёдгорлик саҳни остида 6 м ли калин ликдаги маданий қатламда сақланиб қолган. Қазиш жараёнида унинг юқори ва остки қатламларидан турар жой харобалари кавлаб очилган. Мураббаъ шаклдаги уйлар йирик гувала (диаметри 20—25 см, уз. 60—70 см ли)лардан сомонли лой билан бино қилинган. Хона деворлари саҳни сомонли лой билан сувалган. Хонага торгина эшик орқали кирилиб, ичкарисида гуваладан барпо этилган улкан ўчоқ, ташқарисида эса, ҳовли, хўжалик ўраси ва катаклари жойлашган. Казишмалардан 2 мингдан ортиқ микролит тош қуроллар (қадама ўроқ, қирғич, ўроқранда, тешгич, парма), қўлда ясалган сопол идиш (коса, товоқ ва хумчалар), турли ҳайвонларнинг суяклари (эчки, қўй, буқа, жайран, ит, тулки ва б.) ва кўмирга айланган дон қолдиқлари (асосан, арпа, буғдой) топилган. Сирти силликланган сопол идишларнинг айримларига тўқ жигарранг ёки оч малла рангли тўлқинсимон ёки ярим доира шакллардаги нақшлар берилган. Топилмалардан маълум бўлишича, Чўпондепе ликлар, асосан, суғорма деҳқончилик ва хонаки чорвачилик билан шуғулланган бўлсаларда, овчилик ҳам улар ҳаётида муҳим ўрин тутган.

Ад.: Массон В. М., Средняя Азия и Древний Восток, М. Л., 1964.