ЧЎКИНДИ КОНЛАР

ЧЎКИНДИ КОНЛАР — сув ҳавзалари тубида чўкинди йиғилиши жараёнида шаклланувчи фойдали қазилма ётқизиқлари. Улар дарё, ботқоқ, кўл, денгиз ва океанларда ҳосил бўлиб, денгиз ва океанлардагилари платформа ва геосинклиналь Ч. к. ига ажратилади. Денгизда ҳосил бўлган Чўкинди конлар катта ўлчамли бўлиб, ўнлаб км га, катлам свиталари эса юзлаб км га чўзилади. Чўкинди конлар механик (қум, тупроқ ва б.), кимёвий (туз, темир ва марганец рудаси ва б.) ва биокимёвий (нефть, кумир ва б.) ларга ажратилади. Чўкинди жинслар ва улар билан боғлиқ бўлган Чўкинди конларнинг шаклланиши литогенезнинг 3 босқичи: седиментогенез, диагенез ва катагенез орқали бўлади. Чўкинди конлар тоғ жинсларига мувофиқ ётади ва қатлам ёки текислик линзалар шаклида бўлади. Баъзан метаморфизм ва тектоник ҳаракатлар оқибатида улар ўз шаклини ўзгартириб, мураккаброқ қиёфа ҳосил қилади. Чўкинди конлар даги минералларнинг таркиби минералларнинг 3 гуруҳи билан аниқланади: 1. Чақиқ минераллар (кварц, рутил, баъзан дала шпатлари, пироксенлар, амфиболлар, слюдалар ва б.), улар нураш жараёнига чидамли бўлади; 2. Кимёвий нураш маҳсулотлари (каолинит, монтмориллонит, сувли слюдалар, опал ва б.); 3. Янги чукинди ҳосилалар (карбонатлар, тузлар, фосфатлар, руда минераллари, кремнийли маҳсулотлар ва б.). Ч. к. йирик саноат аҳамиятига эга бўлиб, уларга ҳамма ёнувчи қазилмалар (нефть, газ, кумир, ёнувчи сланецлар), темир, марганец, алюминий рудаларининг айрим турлари ҳамда рангли ва нодир металлар (U, Си, V ва б.) конлари киради. Чўкинди конлар орасида қурилиш материаллари (шағал, қум, гил, сланец, оҳактош, бўр, доломит, мергель, гипс, яшма, трепел), қазилма тузлар, фосфоритларнинг кўпгина конлари маълум.