ЧИРЧИҚ

ЧИРЧИҚ (қад. номи Парак, «Бобурнома»да Чир, кейинги кичрайтирилган номи Чирчиқ) — Тошкент вилоятидаги дарё. Сирдарёнинт йирик ўнг ирмоғи. Дарё ҳавзаси жан. ва шарқда Қурама тизмаси ва Чатқол тоғ тизмалари, шим. да Талас Олатови ва унинг ғарбий тармоклари билан чегараланган. Ғарбий Тяньшан тоғларидаги қор ва музликлардан Чатқол, Кўксув ва Писком дарёлари бошланади. 1971 й. гача Чирчиқ Чорвоқ сойлигида Чатқол ва Писком дарёлари қўшилишидан ҳосил бўлар эди. Эндиликда дарё Чорвоқ сув омборидан бошланади ва Чиноз қишлоғи ёнида Сирдарёга қуйилади. Уз. 454 км, ҳавзасининг майд. 14240 км2. Ч. тез оқадиган типик тоғ дарёси, тоғли қисмида чуқур, тор ва нишаб ўзанда тез оқади. Угом дарёси қўшилгандан сўнг Чирчиқ водийси кенгаяди. Чирчиқга бир неча ирмоқлар келиб қуйилади. Энг йириклари Угом дарёси ва Оқсоқотасой. Қолган майда ирмоқлари (Қизилсув, Шўробсой, Озодбошсой, Оқтошсой, Товоқсой, Қорангкўлсой, Ғолибасой, Олтинбексой, ва б.)нинг баъзилари ёз ва куз ойларида қуриб қолади. Водийнинг текислик қисмида дарёга бирорта ҳам ирмоқ қўшилмайди. Чирчиқ қор ва музлик сувларидан тўйинади. Сув сарфи Хўжакент қишлоғи яқинида 221 м3/ сек., Чиноз қишлоғи ёнида 62 м3/сек. Энг кўп сув сарфи 2160 м3/сек. (1959 й. 8 апр.) ва 1452 м3/сек. га (1914 й. 14 май) етган. Бундай катта сув сарфи Чирчиқ дарёси учун хос эмас. Энг кам сув сарфи 22м3/сек. бўлган (1956 й. февраль). Ч. Сирдарёга йилига 164 м3/сек. сув қуяди. Сув оқимининг 52,4% март—июнь ойларида, 32,1% июль—сент. ва қолган 15,5% окт. — февраль ойларида оқади. Янв. —февраль ойларида суви камайиб, 52 м3/сек. дан ошмайди. Чирчиқда лойқа оқизиқлар кам. Тоғлардан чиқиб текислик бўйлаб оққанда суви кўплаб ирригацион тармоқлар орқали суғоришга олинади. Захариқ, Бўзсув, Қорасув, Шим. Тошкент каби каналлар Чирчиқ дарёсидан сув олади. Дарёдан гидроэнергетикада ҳам кенг фойдаланилади. Қодирия, Товоқсой, Оққовоқ, Оқтепа, Салор ва учта Қуйи Бўзсув, Чорвоқ (қуввати 600 минг кВтсоат, Ғазалкент) ГЭСлар каскади шулар жумласидандир. Чирчиқ суви, асосан, Тошкент вилояти ҳудудидаги экин майдонларини суғоришга сарфланади (Ч. — Бўзсув системаси Ўзбекистон ҳудудида 100 минг гектардан зиёд ерни суғоради), шунингдек, Тошкент, Чирчиқ, Янгийўл, Ғазалкент ш. ларини ва кўп қишлоқларни сув билан таъминлайди. Чирчиқ ўрта оқимида унинг ўнг соҳилидаги террасаларда Тошкент ш. жойлашган.