ЧИРЧИҚ

ЧИРЧИҚ — Тошкент вилоятидаги шаҳар. Чирчиқдарёсининг ўнг соҳилида, Қоржонтовнинг ён бағрида, 730 м баландликда, Тошкентдан 30 км шим. шарқда жойлашган. Тошкент Чорвоқ т. й. даги станция ва автомобиль йўллари чорраҳаси. Аҳолиси 140,1 минг киши (2004). Чирчиқ 1932 й. да дарё бўйидаги Қирғизқулоқ, Қипчоқ, Ниёзбек қишлоқлари ўрнида йирик электркимё кти қурилиши муносабати билан вужудга келган. Янги саноат корхоналари қурилиши билан аҳоли сони ҳам тез ўсди (1939 й. — 15 минг киши, 1959 й. — 65 минг киши, 1970 й. — 107,4 минг киши). 30 — 40-й. ларда Индустриал техникуми биноси, 50-й. ларда электркимё корхонасининг Маданият саройи ва б. жамоат бинолари қурилди. 1966—67 й. лардан кўп қаватли йирик панелли бинолар қад кўтарди. 2-жаҳон урушида ҳалок бўлган чирчиқликлар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, мактаблар, поликлиника, касалхона ва б. бунёд этилди. Шаҳар ёнида аҳолининг дам олиш жойлари мавжуд. Шаҳарда «Чирчиққишлоқмаш», «Трансформатор», «Ўзбеккимёмаш», «Электркимёсаноат» (минерал ўғитлар), қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли металлар кти каби корхоналар ишлаб турибди. 26 та қўшма корхона (шу жумладан, «Кибо», «Чирком», «Узметаллтехнолоджи», «Бурсель—Ташкент—Текстиль»), 850 дан зиёд кичик корхона фаолият кўрсатади. Қурилиш материаллари, темирбетон конструкциялари ишлаб чиқарилади. Ғишт, асфальтбетон здлари, гўшт, нон ктлари, пойабзал ва тикувчилик фкалари мавжуд.

Чирчиқ олий танк командирмуҳандислик билим юрти, 25 умумий таълим мактаби, 7 ўрта махсус билим юрти, 12 кутубхона, 3 маданият муассасаси, музей, маданият ва истироҳат боғи бор. Касалхона (500 ўрин), поликлиника, дорихоналар ва б. тиббий муассасалар ишлаб турибди. Чирчиқдан Тошкент ш. га автобуслар қатнайди. «Чирчиқ тонги» газ. (1932 й. дан нашр этилади, адади 760), «Чирчиқ» (1932 й. дан нашр этилади, адади 800) газ. лари чиқарилади.