ЧИПҚОН

ЧИПҚОН, фурункул — соч халтачаси (фолликула) ва атрофидаги ёғ бези ҳамда тўқималарининг ўткир йирингли некротик яллиғланиши. Стафилококклар қўзғатади. Терида ёғ ва тер ажралишининг кучайиши, авитаминоз, моддалар алмашинувининг бузилиши, тозаликка ва шахсий гигиенага риоя қилмаслик, терининг тирналиши, чақаланиши Чипқонга сабаб бўлади. Чипқон терининг тукли қисмида, кўпинча бўйин (энса соҳаси), юз, бел, думба, сон ва б. жойларга чиқади.

Чипқон ҳар хил катталикда бўлиши мумкин. Дастлаб думалоқ, конуссимон, қизғиш тугунча юзага келиб, теридан кўтарилиб чиқади, безиллаб оғрийди, атрофидаги тўқималар шишади. Агар лаб, қовоқ каби ёғ кўп йиғиладиган соҳада пайдо бўлса, атрофи жуда шишиб кетади, ҳатто бемор оғзи билан кўзини очолмай қолади, қаттиқ оғрийди. Касаллик секинаста авж олади; дўмбайиб турган тугунча 3—4 кувдан сўнг катталашиб яллиғланади, ўртаси йиринг бойлайди, кейин кўкимтир тусга киради, йиринг кўпайиб, Чипқон уч беради ва ёрилади. Ёрилган ердан бир оз йиринг чиқиб, яра пайдо бўлади. Яра ўртасида соч ва унинг атрофидаги тўқималардан иборат Чипқон «ўлиги» кўриниб туради; 2—3 кундан кейин яра катталашиб, ичидан қон аралаш йиринг чиқади. Бу вақгда оғриқ камайган, Чипқон атрофидаги шиш ва яллиғланиш аломатлари анча пасайган бўлади. Кейинчалик Чипқон «ўлиги» бутунлай чиқиб, яра чандикланиб битади. Чипқоннинг айни вақтда кўплаб тошиши фурункулёз дейилади. Маҳаллий ва умумий фурункулёз фарқ қилинади. Маҳаллий ёки чегараланган фурункулёз, асосан, терининг маълум бир қисмида (кўпинча бўйин, бел, думба соҳасида) учраб, санитариягигиена қоидаларининг бузилиши, Чипқонни ўз вақтида даволамаслик ёки нотўғри даволаш натижасида вужудга келади. Умумий ёки тарқоқ фурункулёз терининг анчагина қисмини эгаллайди, бунга кўпинча моддалар алмашинувининг бузилиши (диабет, колит, неврит, анемия ва б.), гиповитаминоз (А, В, С), тузук овкатланмаслик, оғир инфекцион ёки сурункали касалликлар, бирдан совқотиш, иссиқлаб кетиш, шунингдек, жисмонан толиқиш, нерв системаси фаолиятининг бузилиши ва б. сабаб бўлади.

Чипқон ва фурункулёзни мутахассис врач даволайди; даво касаллик босқичи, ўрни ва танада тарқалишига қараб олиб борилади. Чипқонни ҳар ким ўз билгича ситиши ярамайди, акс ҳолда оғир асоратлар юзага келиши мумкин. Чипқон ёки фурункулёз чиққанда ҳаммомга тушиш, шунингдек, душ, ванна қабул қилишга рухсат этилмайди; врач тавсияси бўйича дезинфекцияловчи ванна (марганцовка билан) килиш мумкин.

Парҳез сақлаш, хусусан, аччиқ, шўр овкатлар ва ширинликларни чеклаш, сервитамин овкатлар тавсия этилади. Чипқонга даво килинганда аввало унта сабаб бўлган асосий касалликни даволаш лозим.